Маҳаллалар масъул раҳбарларга номма-ном бириктирилади
Қарорга кўра, маҳаллаларда жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш бўйича самарали тизимни йўлга қўйишга қаратилган манзилли ишларни ташкил этиш мақсадида 2026 йилда ҳудудлар масъул раҳбарлар ва муассасаларга қуйидаги тартибда номма-ном бириктирилади:
♦ криминоген вазияти оғир маҳаллалар – туман (шаҳар) ҳокимлари, прокурорлари ҳамда ички ишлар органлари бошлиқлари ва уларнинг ўринбосарларига;
♦ 5 йилдан буён “қизил” тоифада бўлаётган маҳаллалар – Миллий гвардиянинг ҳудудий бошқармалари бошлиқлари, вилоят даражасидаги ички ишлар органлари раҳбарларининг ва ҳокимларнинг ўринбосарларига;
♦ 3 йилдан буён “қизил” тоифада қолаётган маҳаллалар – ҳуқуқ-тартибот идораларининг таълим ва илмий ташкилотларига;
♦ криминоген вазияти энг оғир туман ва шаҳарлар – вилоятлар даражасидаги прокурорларнинг ва ички ишлар органлари раҳбарларининг биринчи ўринбосарларига;
♦ аёллар жиноятчилиги, спиртли ичимлик ва гиёҳвандликка ружу қўйган шахслар жиноятчилиги ҳамда низоли оилалар салмоғи энг юқори бўлган маҳаллалар – тегишинча вилоятлар даражасидаги оила ва хотин-қизлар, соғлиқни сақлаш ҳамда адлия бошқармалари бошлиқларига.




