Ўзбек лотин алифбоси янгиланмоқда: янги ҳарфларни клавиатурада ёзиш учун дастурий ечимлар тайёрланади
Сенат ўзбек лотин алифбосини 28 та ҳарф ва битта тутуқ белгисидан иборат шаклга ўтказишни назарда тутувчи қонунни маъқуллади. Янги Ö, Ğ, Ş ва Ç ҳарфларини компьютер ва бошқа қурилмаларда қулай ёзиш учун махсус технологик ечимлар жорий этилиши режалаштирилмоқда.
Олий Мажлис Сенатининг 19-ялпи мажлисида «Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини жорий этиш тўғрисида»ги Қонунга ўзгартиш киритиш ҳақида»ги қонун маъқулланди. Унга кўра, амалдаги 26 та ҳарф ва 3 та ҳарф бирикмаси ўрнига алифбо 28 та ҳарф ва битта тутуқ белгисидан ташкил топиши назарда тутилган.
Такомиллаштирилаётган алифбода тўртта ёзув шакли ўзгаради:
O‘ → Ö, G‘ → Ğ, Sh → Ş, Ch → Ç.
Шунингдек, Ng алифбодаги алоҳида ҳарф бирикмаси сифатида чиқарилади.
Вазирлар Маҳкамаси Давлат тилини ривожлантириш департаменти раҳбари Нодиржон Жонузоқовнинг маълум қилишича, янги алифбони ишлаб чиқишда унинг рақамли технологияларга мослиги ҳам инобатга олинган. Амалдаги O‘ ва G‘ каби белгилар айрим компьютер дастурлари, электрон базалар ва клавиатураларда техник ноқулайликларни келтириб чиқараётгани қайд этилди.
Янги ҳарфларни клавиатурага киритиш катта техник муаммо туғдирмаслиги билдирилмоқда. Бунинг учун клавиатурадаги мавжуд имкониятлардан фойдаланиш ва махсус дастурий ечимларни ишлаб чиқиш режалаштирилган.
Янги ҳарфларни битта тугма орқали киритиш имкониятини яратиш кўзда тутилмоқда. Айни пайтда кирилл ва амалдаги лотин ёзувидаги матнларни янгиланган алифбога автоматик ўгирувчи дастурлар ҳам ишлаб чиқилмоқда.
Қонун кучга кирганидан кейин давлат идоралари, расмий иш юритиш ва оммавий ахборот воситаларида ягона тасдиқланган алифбодан фойдаланиш режалаштирилган. Фуқароларнинг шахсий ёзишмаларида эса ўзи одатланган ёзув шаклидан фойдаланишига тўсқинлик қилинмайди.
Янги алифбога ўтиш босқичма-босқич амалга оширилади. Қонун кучга киргунига қадар амалдаги алифбода расмийлаштирилган ҳужжатлар, миллий валюта ва қимматли қоғозлар ўз кучини сақлаб қолади. Айрим пешлавҳа, кўрсаткич ва рамзлардан ҳам белгиланган муддатгача ёки улар яроқсиз ҳолга келгунига қадар фойдаланиш мумкин бўлади.
Шу сабабли фуқароларга аввал берилган паспорт, диплом, гувоҳнома ёки бошқа ҳужжатларни фақат алифбо ўзгаргани сабабли бирданига алмаштириш талаб этилмайди.
Янги тизимга ўтиш учун технологик инфратузилмани мослаштириш, мутахассисларни ўқитиш, тегишли қўлланмалар ва дастурий воситаларни тайёрлаш ҳам кўзда тутилган.
Ҳуқуқий асослар
«Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини жорий этиш тўғрисида»ги Қонунга ўзгартиш киритиш ҳақида»ги қонун. Ҳужжат Олий Мажлис Сенати томонидан маъқулланган.




