Уй-жой сотиб олиш учун фуқароларга субсидия тўлаш тартиби

Уй-жой сотиб олиш учун фуқароларга субсидия тўлаш тартиби

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 25 март кунги “Уй-жой сотиб олиш учун фуқароларга субсидия тўлаш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида” 182-сон қарорига кўра,  субсидия — ипотека кредитлари асосида уй-жой сотиб олиш учун бошланғич бадал ва (ёки) кредит фоизининг бир қисмини қоплаш мақсадида давлат бюджетидан фуқаро учун банкда унинг номига очилган тегишли ҳисобварағига ўтказилган маблағ бўлиб, шаҳар ва қишлоқ жойларда қурилган бирламчи бозордаги уй-жойларни сотиб олишга ажратилган ипотека кредитлари бўйича субсидия тўланадиган талабгорларни танлаш комиссия ва масъул ташкилотлар томонидан қонунийлик, шаффофлик, адолат ва ҳаққонийлик тамойиллари асосида амалга оширилади.

Ипотека кредитлари бўйича бошланғич бадал ва фоиз харажатларининг бир қисмини қоплаш учун субсидия олишга, 18 ёшдан 60 ёшгача бўлган Ўзбекистон Республикаси фуқароси ариза билан мурожаат қилиш ҳуқуқига эга.

Даромади юқори бўлмаган фуқаро ёки оила — қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ аниқланиши мумкин бўлган ўртача ойлик даромадлар миқдори:

  • Тошкент шаҳрида белгиланган меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори (хозирда 980 000 сўм) нинг 2,7 баравари (2 646 000 сўм) дан 9,2 баравари (9 016 000 сўм) миқдорида;
  • Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда белгиланган меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори (хозирда 980 000 сўм) нинг 2,7 баравари (2 646 000 сўм) дан 8 баравари (7 840 000 сўм) миқдорида белгиланган.

Ижтимоий мезонлар асосида баҳоланган ариза берувчи 30 ва ундан юқори балл тўплаган тақдирда, талабгор сифатида тан олиниб, квартира сотиб олиш ёки якка тартибдаги уй-жойларни қуриш ва реконструкция қилиш учун ипотека кредити бўйича субсидия олишга ҳақли деб ҳисобланади.

Сотиб олинадиган квартира жойлашуви, қиймати ва майдонидан қатъи назар, дастлабки бадалнинг бир қисмини қоплаш учун субсидиялар — қатъий белгиланган 32 миллион сўм миқдорида, фоиз тўловларининг бир қисмини қоплаш учун субсидиялар — биринчи беш йил давомида 10 фоизлик пунктдан ошган қисмига тўланади.

Қандай ҳужжатлар тақдим этилади?

Субсидия олиш учун тақдим этиладиган ҳужжатлар:

  • маълумотлари ва никоҳ қайд этилганлиги гувоҳномаси (тўлиқ оила ва никоҳ ҳамда вояга етган фарзандлар мавжуд бўлган тақдирда) ва (ёки) фарзандлар туғилганлиги ҳақидаги гувоҳномалар (вояга етмаган фарзандлар мавжуд бўлган тақдирда) нусхалари;
  • белгиланган тартибда никоҳ бекор қилинганлиги ҳақидаги гувоҳнома ёки никоҳ ҳақиқий эмас деб тан олинганлиги тўғрисида суд қарори (никоҳ қайд этилган ҳолатда) ёки оилавий ҳолати тўғрисида фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органлари архивидан маълумотнома нусхаси (никоҳ қайд этилмаган ҳолатда);

Фуқаро  ипотека кредитлари бўйича субсидия олиш учун исталган туман (шаҳар)  Давлат хизматлари марказларига келиб мурожаат этади ёки Ягона интерактив давлат хизматлари порталида давлат хизматидан электрон тарзда фойдаланиш учун рўйхатдан ўтади.

Давлат хизматлари марказидан субсидия бериш тўғрисида ижобий хабарномани олган талабгор хабарномада кўрсатилган сотиб олиниши мумкин бўлган уй-жойнинг юқори қийматидан ошмаган қийматли уй-жойни ипотека кредити орқали сотиб олиш бўйича қурилиш (пудрат) ташкилоти билан шартнома тузади.

Қандай ҳолларда субсидия ажратиш рад этилади?

Қуйидаги ҳолларда ариза берувчига субсидия ажратиш рад этилади:

а) тақдим этилган аризада кўрсатилган маълумотлар ижтимоий мезонларга мос келмаганда;

б) тақдим этилган маълумотлар нотўғри ёки сохта бўлганда;

г) илгари шаҳар ва қишлоқ жойларда арзон уй-жой қуриш дастурлари доирасида имтиёзли ипотека кредитларидан фойдаланган ҳолда квартира ёки якка тартибдаги уй-жой ҳамда субсидия олган (аввал олинган уй-жой бошқа шахсга бегоналаштириб юборилган тақдирда ҳам) оила аъзолари (эри, хотини) такрорий мурожаат этганда;

д) жорий йилда ҳудуд учун ажратиладиган субсидия сони тугаганда;

е) ариза берувчи ва/ёки оиланинг ўртача ойлик даромади:

Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда — меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори (хозирда 980 000 сўм) нинг 2,7 баравари (2 646 000 сўм) дан кам ва 8,0 баравари (7 840 000 сўм) дан юқори;

Тошкент шаҳрида — меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори нинг 2,7 баравар (2 646 000 сўм) дан кам ва 9,2 баравари (9 016 000 сўм) дан юқори бўлганда.

Агар фуқаро уй-жойга муҳтож бўлса, уни олишда талабгор сифатида, ёзма тавсияни олиш учун, туман Давлат хизматлари марказига сўровнома-ариза ва тегишли ҳужжатларни тақдим этиши ёки Ягона интерактив давлат хизматлари порталида давлат хизматидан электрон тарзда фойдаланиш учун рўйхатдан ўтиши мумкин.

 

              Одилжон БОТИРОВ, Мадад” ННТ  Марҳамат тумани ҳуқуқий маслаҳат бюроси бош мутаҳассиси  

 


Ўхшаш янгиликлар

Chat