1 ноябрдан қонунчиликда нималар ўзгаради?
Товар-хомашё биржаларига янги талаблар қўйилади
Лицензия олиш учун товар-хомашё биржалари қуйидагиларга эга бўлиши керак:
- мулк ҳуқуқи асосида лицензияланган биржа савдоларининг электрон тизими;
- умумий хотираси 100 ТВ бўлган сервер ускуналари ва алоҳида маълумотларни қайта ишлаш маркази;
- электрон биржа савдолари тизимининг ҳимояси;
- хизмат кўрсатувчи банк билан интеграция доирасида маблағларни киритиш ва ҳисобдан чиқаришни инсон аралашувисиз амалга ошириш имконини берувчи дастурий таъминот.
100 млн сўмгача гаровсиз кредитларни қайта молиялаш ставкалари кучга киради
Кичик бизнесни узлуксиз қўллаб-қувватлашнинг комплекс дастури доирасида 100 млн сўмгача гаровсиз микрокредитлар кичик тадбиркорлик субъектлари рўйхатдан ўтган ва фаолият юритаётган ҳудудлар тоифасидан келиб чиқиб, микрокредит берувчиларга қуйидаги ставкаларда қайта молияланади, хусусан:
- 5-тоифага – 12,5%;
- 4-тоифага – 13,5%;
- 3-тоифага – 14,5%;
- 2-тоифага – 17%;
- 1-тоифага – 18%.
Автобусларни ногиронлиги бўлган шахслар эҳтиёжларига мослаштириш харажатлари қоплаб берилади
Қонунчиликка кўра, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлараро, шаҳар атрофи, туманлараро (шаҳарлараро) автобусда йўловчи ташиш йўналишларида хизмат кўрсатаётган тадбиркорларнинг автобусларни ногиронлиги бўлган шахслар эҳтиёжларига мослаштириш харажатларининг 50 фоизи, бироқ БҲМнинг 30 бараваригача бўлган қисми қоплаб берилади.
Тайёр заргарлик буюмларига нисбатан импорт божхона божи камайтирилади
Қонунчиликка кўра:
- чет элда ишлаб чиқарилган заргарлик буюмларини, башарти улар бўйича божхона тўловлари амалга оширилганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар бўлмаса, сотувга қўйиш ва чакана савдода реализация қилиш ман этилади;
Бунда ушбу тартиб бухгалтерия ҳисоби қонунчилигига мувофиқ 2024 йил 1 сентябргача расмийлаштирилган (кирим қилинган) заргарлик буюмларига нисбатан татбиқ этилмайди.
- қимматбаҳо металларнинг ҳамда қимматбаҳо металлар билан қопланган металларнинг чиқиндилари ва парчалари лицензия асосида экспорт қилинадиган махсус турдаги товарлар рўйхатига киритилади;
- Асиллик инспекциясининг хулосаси бўлмаган ярим тайёр заргарлик буюмларини Ўзбекистон божхона ҳудудидан ташқарига олиб чиқиш ман этилади;
- жисмоний шахсларга оғирлиги 200 граммгача бўлган кумушдан ҳамда 65 граммгача бўлган олтин ва бошқа қимматбаҳо металлардан ясалган тайёр заргарлик буюмларини йўловчи божхона декларациясини тўлдирмасдан, ушбу миқдорлардан ортиқ бўлганларини йўловчи божхона декларацияси асосида Ўзбекистон божхона ҳудудидан ташқарига олиб чиқишга рухсат берилади;
- 2027 йил 1 январгача Ўзбекистонга олиб кириладиган тайёр заргарлик буюмларига нисбатан импорт божхона божлари 20 фоиздан 10 фоизгача камайтирилади.
"Кичик бизнесни узлуксиз қўллаб-қувватлаш" дастури доирасида тадбиркорларга бериладиган кредит 300 миллион сўмгача оширилади
Қонунчиликка кўра, Президент қарорига асосан амалга оширилаётган “Кичик бизнесни узлуксиз қўллаб-қувватлаш” комплекс дастури доирасида кичик тадбиркорлик субъектларига ажратиладиган 100 миллион сўмгача гаровсиз микрокредитларни қайта молиялаштириш ёки улар бўйича кафилликлар тақдим этиш тартибини сақлаб қолган ҳолда тижорат банкларига ва микромолия ташкилотларига ўз ресурслари ҳисобига мазкур микрокредит миқдорини 300 миллион сўмгача оширишга рухсат этилади.
Шунингдек, давлат дастурлари асосида кичик ва ўрта тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлашга барча тижорат банклари ва микромолия ташкилотлари жалб қилинади.