Ички ишлар органларининг қўриқлаш соҳасидаги фаолияти самарали ташкил этилади ва “Хавфсиз таълим” концепцияси жорий этилади
“Ички ишлар органларининг қўриқлаш соҳасидаги фаолиятини cамарали ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарори (ПҚ–360-сон, 28.11.2025 й.) қабул қилинди.
Миллий гвардияси Қўриқлаш бош бошқармаси Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Қўриқлаш департаменти этиб қайта ташкил этилган.
Қарорга кўра, Департамент ва унинг бўлинмалари зиммасига қуйидаги асосий вазифалар юклатилади, жумладан:
► шартнома асосида давлат, ўта муҳим, тоифаланган ва бошқа объектлар, таълим муассасалари, жисмоний ва юридик шахсларнинг мол-мулки, савдо, хизмат кўрсатиш, кўнгилочар ва қурилиш объектларини замонавий усуллар орқали қўриқлаш;
► қўриқланаётган объектларда ички тартиб ва назорат ўтказиш режимларини таъминлаш;
► қўриқлаш фаолиятига замонавий ахборот-коммуникация ва сунъий интеллект технологияларини кенг жорий этиш.
2026 йил 1 январдан қўриқловга олинган банклар, йирик ишлаб чиқариш корхоналари, маҳаллий ҳокимликлар ва бошқа объектларнинг фуқаролар кириш ва чиқиш жойларига босқичма-босқич шахснинг юзини таниб олиш имкониятига эга техник воситалар ўрнатилади.
Қарорга кўра, Департаментга қўриқланадиган объектларга ўрнатилган қўриқлашнинг техник воситалари ва тизимларига хизмат кўрсатиш ҳуқуқи берилади.
Маҳаллаларда қўриқлаш бўлинмаларига юклатилган вазифаларни самарали ташкил этиш мақсадида криминоген вазият оғир ҳудудлардаги маҳалла ҳуқуқ-тартибот масканлари тузилмасига қўриқлаш хизмати инспектори лавозими киритилади.
Криминоген вазияти оғир ҳудудларда, туристик инфратузилма объектларида ҳамда оммавий дам олиш жойларида Департаментнинг қўриқлаш-патруль хизмати нарядлари ташкил этилади.
Қуйидагиларни назарда тутувчи “Хавфсиз таълим” концепцияси жорий этилади:
► давлат таълим муассасалари, нодавлат таълим ташкилотлари ва хорижий давлатлар таълим ташкилотлари филиалларининг хавфсизлигини шартнома асосида жисмоний ва техник қўриқлаш тизимлари орқали таъминлаш;
► Департамент томонидан шартнома асосида таълим муассасаларига қўриқлаш сигнализациялари, ташвиш тугмалари, видеокузатув мосламаларини ўрнатиш ва уларга техник хизматлар кўрсатиш.




