Ўзбекистонда гендер тенглик масалалари бўйича янги тузилма ташкил этилди

Ўзбекистонда гендер тенглик масалалари бўйича янги тузилма ташкил этилди

Олий Мажлис Сенатида Гендер тенглик масалалари бўйича янги тузилма фаолияти йўлга қўйилмоқда. Бу ҳақда Сенат ахборот хизмати хабар қилди.

Қайд этилишича, бу тузилма «Гендер адолат етакчиси» жамоаси ҳисобланади. Сенат биносида «Гендер адолат етакчиси» жамоасига саралаб олинган ёшлар билан учрашув ташкил этилган.

«Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятларга эришиш бугунги куннинг долзарб масалаларидан бири. Гендер адолат етакчиси платформасини ишга туширишдан кўзланган мақсад гендер тенгликни таъминлаш, хотин-қизларни қўллаб-қувватлашга қаратилган ислоҳотларни ҳамда ёшлар ҳаётидаги ўзгариш ва янгиланишларни кенг тарғиб этиш, соҳага доир давлат дастурлари ижросига кўмаклашиш, ёшларнинг ҳуқуқий онгини ўстириш орқали хотин-қизларга нисбатан камситишларнинг ҳар қандай шаклига барҳам беришдан иборат», — дейди Сенатнинг Оила ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ҳамда гендер тенглик масалалари бўлими мудири Нодира Шотурсунова.

14—21 апрель кунлари бу жамоага ёшларни саралаб олиш бўйича кастинг ўтказилган. Унда Қорақалпоғистон, вилоятлар ва Тошкент шаҳрининг ёшлари онлайн ҳамда офлайн тарзда иштирок этган. Гендер тенглик соҳаси бўйича аниқ билим ва кўникмага эга бўлган мингга яқин мустақил фикрловчи ёшлар орасидан 80 нафар йигит-қиз «Гендер адолат етакчиси» жамоасига саралаб олинган.

«Гендер тенглик — жамиятда ҳуқуқ устуворлигини таъминлашга хизмат қиладиган муҳим механизм. Яъни, ҳеч кимнинг, у эркакми, аёлми, ҳуқуқи камситилмаслиги ёки топталмаслиги керак. Аммо ҳаётда ҳуқуқи бузилаётган шахслар, айниқса хотин-қизлар, опа-сингилларимиз учраб туради. Уларни ҳимоя қилишга ҳисса қўшиш, жамиятдаги мавқеини ошириш бизнинг асосий мақсадимиз. Айтиб ўтмоқчиманки, гендер адолат фаолларига улар мурожаат қилиши мумкин. Биз эса тегишли органларни бундан тезроқ хабардор қилиб, зудлик билан ёрдам бериш чораларини кўрамиз. Зеро, қийин вазиятга тушиб қолганда қаерга мурожаат қилишни билмайдиган, билса ҳам бунга журъат эта олмайдиганлар ҳам бор. Биз доим хушёр бўлиб, уларга ёрдам беришга тайёрмиз», — дейди жамоа аъзоларидан бири Азизбек Сайфиев.

2030 йилга қадар қабул қилинган Гендер Стратегиясида акс этган 8 та йўналиш бўйича фаол ёшлардан 8 та гуруҳ шакллантирилган. Стратегия ижросини таъминлашда гендер адолат етакчилари фаол иштирок этишлари ҳам назарда тутилган.

Учрашувда жамоа вакиллари кўплаб фикр ва мулоҳазаларини билдириб ўтган. Ушбу янги тузилма аъзоларининг гендер тенглик тарғиботидаги фаолиятини ташкил этиш ва уларга амалий ёрдам кўрсатиш Сенатнинг доимий назоратида эканлиги таъкидланган.

Тадбир якунида амалга оширилиши керак бўлган аниқ вазифалар белгилаб олинди.


Ўхшаш янгиликлар

Chat