Марказий Осиё мамлакатлари олий ўқув юртлари дипломларини ўзаро тан олишга келишиб олди
Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистон олий таълим муассасаларини тамомлаганлик тўғрисидаги ҳужжатларни ўзаро тан олиш тўғрисида келишиб олди, дейилади Қозоғистон ҳукумати қарорида.
Маълумотларга кўра, томонлар давлатларнинг миллий қонунчиликда белгиланган тартибда аккредитациядан ўтган олий таълим ташкилотлари томонидан берилган олий таълим ташкилотларини тамомлаганлик тўғрисидаги ҳужжатларни (дипломларни) тан олишга келишиб олган.
Шунингдек, томонлар ўз олий таълим тизимларида сифат кафолатини таъминлаш учун томонлар давлатларида олинган олий маълумот тўғрисидаги ҳужжатларни, агар ушбу ҳужжатлар билан тасдиқланган малака олий таълим тизимига қўйиладиган умумий талабларга жавоб берса, тан олишга келишиб олди.
Бунда рад этишга олий таълим тизимига қўйиладиган талаблар ўртасида жиддий фарқлар мавжудлиги исботланган тақдирдагина йўл қўйилади. Хусусан, рад этиш сабаблари жумласига қуйидаги ҳолатлар киритилган:
-
ҳужжатлар белгиланган шаклда тақдим этилмаган, шунингдек тасдиқланган нусхалари тақдим этилмаган бўлса; дипломга иловалар мавжуд бўлмаса;
-
ҳужжатларда ўқитиш дастури, муддатлари ёки натижалари тўғрисидаги маълумотларга тааллуқли номувофиқликлар ёки зиддиятлар аниқланган бўлса;
-
дипломнинг ҳақиқийлиги ушбу ҳужжатни берган олий таълим ташкилоти томонидан тасдиқланмайди.




