Адлия вазири тизимда фаолият юритаётган аёллар билан учрашди

Адлия вазири тизимда фаолият юритаётган аёллар билан учрашди

Хабарингиз бор, Адлия вазирлиги томонидан жорий йилнинг февраль-март ойлари “Хотин-қизлар ҳуқуқлари бўйича долзарб икки ой” деб эълон қилинган.

  • Ушбу лойиҳа доирасида бугун, 2 март куни Адлия вазири Р.Давлетов вазирлик тизимида фаолият юритаётган хотин-қизлар билан видеоконференсалоқа орқали очиқ мулоқот ўтказди.

Мулоқотда адлия органлари ва муассасаларидаги жами 8 мингдан ошиқ ходим фаолият юритаётганлиги, шундан 3 мингга яқини, яъни 38 фоизи хотин-қизлар эканлиги, бу эса нафақат республикада бутун дунёда яхши кўрсаткичлиги алоҳида таъкидланди.

Статистикага назар ташланса, ўтган 2021 йилда вазирлик тизимига ишга қабул қилиш бўйича жами 226 та танлов ўтказилган. Уларда ишга қабул қилинганларнинг 428 нафари (28 фоиз) хотин-қизлар, бу 2020 йилга нисбатан 2,5 бараварга ошган. Йилдан-йилга кўрсатгичлар яхшиланмоқда.

  • Шунингдек, тизимда жами 320 нафар хотин-қизлар раҳбарлик лавозимларида фаолият юритмоқда. Бундан ташқари, жами 260 нафар аёллар юқори лавозимларга тайинланган.

Адлия вазирлиги нафақат тизимдаги хотин-қизлар, балки бутун жамият аёлларини қўллаб-қувватлаш борасида бир қатор лойиҳаларни амалга ошириб келмоқда.

Хусусан, вазирлик томонидан 2 та қонун ишлаб чиқиб Ҳукуматга киритилди, “Аёлларга ҳуқуқий мадад” қўлланмасини тайёрланди ва нашр қилинди, kurslar.huquqiyportal.uz платформасида аёллар ҳуқуқи бўйича алоҳида онлайн-интерактив курслар очилди.

Мулоқот давомида вазирлик тизимида хотин-қизларга яратилган имтиёзлар, қулайлик, иш режими ва бошқа масалалар, жумладан тизимдаги иқтидорли хотин-қизларимизни рағбатлантириш, уларнинг истеъдодини рўёбга чиқариш учун ҳар йили “Адлия аёли” танловини жорий қилиш, узоқ йиллар тизимда меҳнат қилган хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш чораларини кўриш масалалари муҳокам қилинди.


Ўхшаш янгиликлар

Chat