Ўзбекистонда тазйиқ ва зўравонлик учун жазолар қандай кучайтирилмоқда?
Ўзбекистонда хотин-қизлар ва болаларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик учун жазо кучайтирилмоқда. Қонунчиликда фемицид, фамилицид, сталкинг, киберзўравонлик ва онлайн груминг учун жавобгарлик белгиланяпти. Педофилларга умрбод қамоқ жазосини такрорий жиноят учунгина бериш кўзда тутилмоқда.
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 3 мартдаги фармони билан хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилишни кучайтириш, шунингдек, уларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик ҳолатларининг олдини олиш бўйича чора-тадбирларни тасдиқлади.
Ҳужжат «болалар ва хотин-қизлар ҳуқуқларини ишончли таъминлаш, уларни ҳар қандай тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш ҳамда жамиятда бундай ҳолатларга нисбатан муросасизлик муҳитини шакллантириш, шунингдек, давлат органлари ва ташкилотларининг мазкур йўналишдаги фаолиятини мувофиқлаштирилган ҳолда самарали йўлга қўйиш»га қаратилган.
Президент матбуот хизматининг маълумотларига кўра, таклифлар идоралараро мувофиқлаштирувчи кенгаш томонидан кенг жамоатчилик, соҳа экспертларининг фикрлари ҳамда илғор халқаро тажриба асосида ишлаб чиқилган.
Оиладаги зўравонлик
Фармон билан оила ва хотин-қизлар марказлари қошидаги «маиший зўравонликсиз бахтли оилавий ҳаётга тайёрлаш» махсус курсларида никоҳланувчиларни бепул ўқитиш билан қамраб олиш даражасини 2026 йилда 50 фоизга, 2027 йилда 60 фоизга ва 2030 йилга келиб 100 фоизга етказиш мақсади қўйилган. Бундан ташқари, ушбу курсларнинг сифати ва самарадорлигини тубдан ошириш кўзда тутилган.
1 апрелдан бошлаб, ҳимоя ордерини олган жабрланувчи аёлларнинг розилиги билан уларнинг алоқа воситаларига (телефон, планшет ва бошқа қурилмалар) Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг my.ihma.uz мобил иловаси («SOS» тугмаси) ўрнатилади. Бу илова тазйиқ ва зўравонлик ҳолатлари ҳақида зудлик билан хабар бериш имконини таъминлайди. Тугма босилганда, 5 км радиусда бўлган ички ишлар органлари ходимлари 10 дақиқа ичида етиб келишлари шарт бўлади.
Қаттиқроқ жазо
Жорий йилдан ички ишлар органлари зўравонлик содир этган шахсда руҳий касаллик бор деб гумон қилишга асослар мавжуд бўлганда, мажбурий амбулатор психиатрик кўрикдан ўтказади, руҳий бузилишлар аниқланган тақдирда эса — ушбу шахсни белгиланган тартибда тиббиёт муассасасига жойлаштиради.
1 ноябрдан бошлаб қонунчиликка ўзгартиришлар киритилиши кутилмоқда, унга кўра Жиноят кодексининг олтита моддаси: 118 (Номусга тегиш), 119 (Жинсий эҳтиёжни зўрлик ишлатиб ғайритабиий шаклда қондириш), 121 (Шахсни жинсий алоқа қилишга мажбур этиш), 128 (16 ёшга тўлмаган шахс билан жинсий алоқа қилиш), 128−1 (16 ёшдан 18 ёшгача бўлган шахс билан моддий қимматликлар ёки мулкий ёхуд бошқача манфаатдорлик бериш орқали жинсий алоқа қилиш), 129 (16 ёшга тўлмаган шахсга нисбатан уятсиз-бузуқ ҳаракатлар қилиш) бўйича терговга қадар текширув ва дастлабки тергов ишлари фақат прокуратура органлари томонидан ўтказилади (ҳозирда — ИИО).
Шу санадан бошлаб шаҳвоний шилқимлик билан боғлиқ маъмурий ҳуқуқбузарликлар бўйича материалларни кўриб чиқишда жиноят аломатлари йўқлиги тўғрисида прокурорнинг мажбурий хулосасини олиш талаби жорий этилади. Шундан кейингина иш материаллари судга юборилади.
Жиноят-ижроия қонунчилигини такомиллаштириш бўйича қуйидаги чоралар «кенг жамоатчилик, экспертлар ва фаоллар» таклифига асосан ишлаб чиқилгани фармонда эътироф этилган:
- вояга етмаганларга нисбатан ЖКнинг 118 (Номусга тегиш) ва 119-моддаларида (Жинсий эҳтиёжни зўрлик ишлатиб ғайритабиий шаклда қондириш) назарда тутилган жиноятларни содир этганлик учун ҳукм қилинган шахслар манзил-колонияларга ўтказилмайдиган маҳкумлар тоифасига киритилади;
- бундай маҳкумлар психологик коррекция дастуридан ўтмасдан туриб, уларни сақлаш шароитларини яхшилаш амалиёти тўхтатилади.
Педофиллар учун умрбод қамоқ жазоси такрорий жиноятлар учунгина берилади
Фармон билан уч ой муддатда вояга етмаганларнинг жинсий эркинлигига қарши жиноятлар, улар билан жинсий алоқа қилиш ва уятсиз-бузуқ ҳаракатлар содир этиш учун илгари судланган шахслар томонидан қуйидаги жиноятлар содир этилган тақдирда жазо белгилаш тўғрисидаги қонун лойиҳасини тайёрлаш топширилди:
- 14 ёшга тўлмаган шахснинг номусига текканлик учун — умрбод озодликдан маҳрум қилиш;
- 14 ёшга тўлмаган шахсга нисбатан жинсий эҳтиёжни зўрлик ишлатиб ғайритабиий шаклда қондирганлик учун — узоқ муддатли озодликдан маҳрум қилиш.
Бундан ташқари, 16 ёшга тўлмаган шахсга нисбатан уятсиз-бузуқ ҳаракатларни бир гуруҳ шахслар томонидан содир этганлик учун янада қатъийроқ жавобгарлик белгилаш, шунингдек, тергов ва суд амалиётидан келиб чиқиб, ЖКнинг 129-моддаси (16 ёшга тўлмаган шахсга нисбатан уятсиз-бузуқ ҳаракатлар қилиш) диспозициясига аниқликлар киритиш режалаштирилган.
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда шаҳвоний шилқимлик учун санкцияларни кучайтириш (ҳозирда — 5 суткагача маъмурий қамоқ) кўзда тутилган.
Қўшимча равишда, жиноят ишини қўзғатиш рад этилган, бироқ маъмурий ҳуқуқбузарлик аломатлари мавжуд бўлган ҳолларда жавобгарликка тортиш тартибини такомиллаштириш кутилмоқда.
Фемицид, фамилицид, сталкинг ва киберзўравонлик
Уч ой муддатда хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги халқаро стандартлар ҳамда илғор хорижий тажрибани ўрганиш асосида қуйидагилар учун қонунчиликда жавобгарлик белгилаш бўйича таклифлар тайёрланиши лозим:
- хотин-қизларни айнан жинси сабабли қасддан ўлдириш (фемицид);
- оила аъзоларини қасддан ўлдириш (фамилицид);
- шахсни унинг эркига қарши равишда ноқонуний таъқиб қилиш (сталкинг);
- интернет ёки ижтимоий тармоқларда содир этиладиган зўравонлик (киберзўравонлик);
- вояга етмаган шахслардан жинсий фойдаланиш ҳамда шу мақсадда интернет орқали вояга етмаган шахснинг ишончини қозониш (онлайн-груминг).
Оила ва хотин-қизлар қўмитаси, ИИВ ва Адлия вазирлигига зўравонлик содир этган шахслар билан ишлаш тизимини такомиллаштириш, жумладан, ушбу жараёнда оила ва хотин-қизлар марказлари имкониятларидан фойдаланишни кенгайтириш бўйича таклифлар тайёрлаш топширилди.
Терговчи ва судьяларни тайёрлаш
2027 йил 1 январдан хотин-қизлар ва болаларга нисбатан тазйиқ ҳамда зўравонлик билан боғлиқ жиноятларни тергов қилиш ва кўриб чиқиш, қоида тариқасида, махсус тайёргарликдан ўтган терговчи ва судьялар томонидан амалга оширилиши лозим.
Жорий йил якунига қадар ҳар бир ҳудуддаги ишлар ҳажмидан келиб чиқиб, камида бир нафар терговчи ва бир нафар судья халқаро стандартларга асосланган дастур бўйича махсус тайёргарликдан ўтиши, шунингдек, хотин-қизлар ва болаларга нисбатан тазйиқ ҳамда зўравонлик билан боғлиқ ишларнинг тергов қилиниши ва кўриб чиқилишини таъминлаши керак. Махсус тайёргарликка юборишда хотин-қизлар орасидан бўлган терговчи ва судьяларга устуворлик берилади.
1 сентябрдан бошлаб Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси, Ички ишлар вазирлиги академияси ва Одил судлов академиясида халқаро ва миллий экспертларни жалб қилган ҳолда терговчи ва судьялар учун «Жиноятдан жабрланган аёллар ва болалар билан ишлашнинг ўзига хос процессуал жиҳатлари» махсус ўқув дастурини ташкил этади.




