Эрта турмуш қуриш ҳолатларининг олди олинади
Эрта турмуш қуриш ҳолатларининг олди олинади
“Аёллар ва болалар ҳуқуқларининг ҳимоясини кучайтириш ҳамда уларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик ҳолатларининг олдини олиш бўйича қўшимча ташкилий-ҳуқуқий чоралар тўғрисида”ги Президент Фармони (ПФ–33-сон, 03.03.2026 й.) қабул қилинди.
Мазкур Фармоннинг асосий мақсадлари этиб қуйидагилар белгиланди, жумладан:
♦ никоҳ ёшига етмаган шахс билан ҳақиқатда никоҳ муносабатларига киришиш ҳолатларининг (эрта никоҳ) олдини олишга эришиш;
♦ молиявий мустақилликка эришган ва оила қуришга ҳар томонлама тайёр бўлган ёшлар ўртасида никоҳ тузишни рағбатлантириш;
♦ аёллар ва болаларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик ҳолатларининг олдини олиш тизимини такомиллаштириш орқали уларнинг сонини кескин қисқартириш.
Фармонга кўра, никоҳ ёшини камайтиришнинг аниқ (тугал) асосларини белгилаш тўғрисидаги таклиф маъқулланди.
2027 йилдан ҳар иккала тараф камида 21 ёшга тўлганда 1-маротаба никоҳ тузган ёш оилалар учун:
♦ давлат томонидан қўшимча имтиёз ва бошқа шаклдаги қўллаб-қувватлаш чоралари тақдим этилади;
♦ ушбу оилалар Ижтимоий реестрга киритилганда, оилалар аъзоларига тақдим этиладиган молиявий кўмаклар (субсидия, ссуда, грантлар) қонунчиликда белгиланган миқдорлардан 1,5 бараварга оширилган ҳолда берилади;
♦ никоҳ шартномасини тузган никоҳланувчилар никоҳни қайд этиш учун белгиланган давлат божидан озод этилади.
Вояга етмаган шахслар билан никоҳ тузишга даъват этганлик учун жавобгарлик белгиланади
Фармонга кўра, ҳомиладор талаба-қизларга ёки 3 ёшгача бўлган фарзанд тарбияси билан шуғулланувчи талабаларга олий таълим олиш учун “иккинчи имконият” яратиш мақсадида 2026/2027 ўқув йилидан:
♦ курсдан курсга қолган ёхуд талабалар сафидан чиқарилган шахсларга, истисно тариқасида, фанлар фарқини қайта ўзлаштириш шарти билан таълимни давом эттириш имкони яратилади;
♦ талабалар фанлар фарқини мустақил ўзлаштириши учун қўшимча муддат берилади ва бошқа зарур шарт-шароитлар ташкил этилади.
Шунингдек, вояга етмаган шахслар билан никоҳ тузишга даъват этганлик (қизиқтирганлик) ва уни тарғиб қилганлик учун маъмурий жавобгарликни белгилаш тўғрисидаги таклиф маъқулланди.
2026 йил 1 сентябрдан никоҳ ёши тўғрисидаги қонунчилик ёки никоҳ тузиш тартибини бузишга оид ҳуқуқбузарликлар учун ундирилган жариманинг 15 фоизи бундай ҳолат ҳақида хабар берган шахсларни рағбатлантиришга йўналтирилади.
Эрта никоҳ ва 16 ёшгача бўлган ҳомиладорлик билан боғлиқ ҳолатлар тўғрисида ички ишлар органлари ва “Инсон” марказларига хабар бериш мажбурияти фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш ҳамда ФҲДЁ органлари, таълим ва соғлиқни сақлаш муассасалари ҳамда диний идора вакиллари зиммасига юклатилади.
Тазйиқ ва зўравонлик ҳолатларининг олдини олиш тизими такомиллаштирилади
Фармонга кўра, 2026 йил 1 апрелдан ҳимоя ордери берилган жабрланувчи хотин-қизларнинг алоқа воситаларига Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг тазйиқ ва зўравонлик ҳолатлари тўғрисида зудлик билан хабар бериш имконини берувчи (“SOS” чақирув) “my.ihma.uz” мобил иловаси уларнинг розилиги билан ўрнатилади.
Жиноят кодексининг 118 ва 119-моддаларида назарда тутилган жиноятларни вояга етмаган шахсларга нисбатан содир этганлик учун судланган шахслар манзил-колонияларга ўтказилмайдиган маҳкумлар тоифасига киритилади.
Ушбу жиноятлар учун жазони ўтаётган маҳкумлар психологик тузатиш дастуридан ўтмасдан, сақлаш шароитларини енгиллаштириш амалиётига чек қўйилади.
2027 йил 1 январдан аёллар ва болаларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик билан боғлиқ жиноятлар, қоида тариқасида, махсус тайёргарликдан ўтган терговчилар ва судьялар томонидан тергов қилиниши ва кўриб чиқилиши белгиланади.
2026 йил 1 сентябрдан Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси, Ички ишлар вазирлиги академияси ва Одил судлов академиясида терговчи ва судьялар учун “Жиноятдан жабрланган аёллар ва болалар билан ишлашнинг ўзига хос процессуал жиҳатлари” махсус ўқув дастури ташкил этилади.




