Экополиция ташкил этилади
Фармонга кўра, Экология қўмитаси ҳузурида “Эколойиҳалар фабрикаси” ташкил этилади.
2026 йил 1 апрелдан экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиатдан фойдаланиш соҳасидаги қонунчиликни бузганлик учун юридик шахсларга молиявий санкцияларни қўллаш тартиби жорий этилади, бунда:
► молиявий санкциялар пул ундириш (жарималар) тарзида фақат юридик шахсларга қўлланади;
► бир хил ҳуқуқбузарлик учун молиявий санкциялар қўлланган юридик шахсларнинг ходимларига маъмурий жазо чорасини қўллашга йўл қўйилмайди;
► ҳуқуқбузарликнинг такроран содир этилишига йўл қўймаслик ҳақида огоҳлантириш олиш ҳамда жаримани тўлаш қонунчиликнинг бузилишига йўл қўйган шахсни Экология қўмитасининг қарорини (тақдимномасини, кўрсатмасини) бажариш мажбуриятидан озод этмайди.
Шунингдек, Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитасининг Давлат экологик назорат инспекцияси (Экополиция) ташкил этилади.
Экополиция Экология қўмитасининг экологик хавфсизликни таъминлаш ва бу борадаги ҳуқуқбузарликлар профилактикаси соҳасида ҳуқуқни муҳофаза қилишга доир айрим вазифаларга эга бўлган махсус бўлинмасидир.
Экология қўмитаси раиси бир вақтнинг ўзида Экополиция бошлиғи ҳисобланади.




