Қисқартиришга тушган ходимларнинг иш жойидаги ҳуқуқлари

Қисқартиришга тушган ходимларнинг иш жойидаги ҳуқуқлари

Корхонадаги турли сабаблар туфайли ходимлар баъзида қисқартиришга тушишлари мумкин. Бундай ҳолларда ходимларнинг қандай ҳуқуқлари мавжуд?

Биринчидан, меҳнат кодексининг 165-моддаси биринчи қисмига асосан технологиянинг, ишлаб чиқариш ва меҳнатни ташкил этишнинг ўзгаришига, ишлар (маҳсулот, хизматлар) ҳажмининг қисқаришига боғлиқ бўлган ташкилот ходимларининг сони ёки штати ўзгарганлиги сабабли меҳнат шартномаси бекор қилинаётганда иш берувчи ходимни 2 ой олдин огоҳлантиришга мажбур.

Иккинчидан, бир кун ишга чиқмаслик ҳуқуқи берилади. Меҳнат кодексининг 165-модданинг 4-қисмига асосан ходимни огоҳлантириш муддати ичида, ходимга бошқа иш қидириш учун ҳафтада камида бир кун шу вақт учун иш ҳақи сақланган ҳолда ишга чиқмаслик ҳуқуқи берилади.

Учинчидан, меҳнат кодексининг 144-моддасига асосан агар меҳнат шартномасида белгиланган меҳнат вазифасига доир ишни холисона сабабларга кўра давом эттириш имкони бўлмаса, иш берувчи ходимга унинг мутахассислиги ва малакасига мувофиқ келадиган бошқа ишга ўтказишни, бундай иш бўлмаган тақдирда эса иш берувчида мавжуд бўлган бошқа ишни таклиф этиши шарт. Ходим билан тузилган меҳнат шартномаси ушбу Кодекс 143-моддасининг иккинчи қисмида, 161-моддаси иккинчи қисмининг 2 ва 3-бандларида назарда тутилган асосларга кўра бекор қилинган тақдирда, ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган мажбурият иш берувчининг зиммасига юклатилади.

Яъни ходим билан меҳнат шартномаси меҳнат кодексининг 161-моддаси 2-қисми билан бекор қилинаётгани сабабли ходимга иш берувчи иш таклиф қилиши шарт.

Тўртинчидан, меҳнат кодексининг 100-моддасига  асосан технологиянинг, ишлаб чиқариш ва меҳнатни ташкил этишнинг ўзгариши сабабли ташкилот ходимларининг сони ёки штати ўзгарганлиги, ишлар (маҳсулот, хизматлар) ҳажмининг қисқарганлиги сабабли бекор қилинган тақдирда иш қидириш даврида ўртача ойлик иш ҳақининг ишдан бўшатиш нафақаси ҳисобга олинган ҳолда, бироқ кўпи билан икки ойга сақланиб қолиши  кафолатланади.

Бешинчидан, мазкур модданинг 4-қисмига кўра, агар  ходимлар меҳнат шартномаси бекор қилинганидан кейин ўттиз календарь кун ичида маҳаллий меҳнат органида иш қидираётган шахслар сифатида рўйхатдан ўтган бўлса, улар маҳаллий меҳнат органи томонидан берилган маълумотнома бўйича учинчи ой учун ҳам аввалги иш жойидан ўртача ойлик иш ҳақини олиш ҳуқуқига эга бўлади.


Ўхшаш янгиликлар

Chat