1 октябрдан нималар ўзгаради?

1 октябрдан нималар ўзгаради?

1. Солиққа оид ҳуқуқбузарликлар учун молиявий санкциялар фақат суд томонидан қўлланилади

Тадбиркорларга миқдори 10 миллион сўмдан юқори бўлган солиққа оид ҳуқуқбузарликлар учун, агар тадбиркорлик субъекти ҳуқуқбузарликни инкор этса, молиявий санкцияларни фақатгина суд тартибида қўллаш амалиёти йўлга қўйилади.

2. Жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинганларни ишга олганларга субсидия берилади

Жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинган шахсларни ишга қабул қилган иш берувчиларга ҳар бир шахс учун 3 ойдан ортиқ муддатда меҳнат фаолиятини давом эттиргандан сўнг БҲМнинг 3 баравари (990 минг сўм) миқдорида бир марталик субсидия ажратилади.

Бюджет ташкилотлари, давлат корхоналари, устав (фонди) капиталида давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган юридик шахслар бундан мустасно.

Шунингдек, қуйидагилар йўлга кўйилади:

  • Ишга марҳамат” мономарказлари ва касб-ҳунарга ўқитиш марказларида жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинган шахсларга касб-ҳунар ва тадбиркорлик кўникмаларини ўргатиш;
  • жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинган шахсларни ташкилотлардаги мавжуд бўш (вакант) ҳамда захирага қўйиладиган иш ўринларига ишга жойлаштириш тизими.

3. Табиий газ шартномаларига оид маълумотлар Солиқ қўмитасининг ахборот тизимига киритилади

 

Ўзбекистондан табиий газни қувурлар орқали ташийдиган корхоналарнинг газни қабул қилиш ва узатиш нуқталарига хроматограф ҳамда электрон ҳисоблагичлар ўрнатилиши мажбурий ҳисобланади. 

Шунингдек, табиий газ ва суюқ углеводородни реализация қилиш тўғрисидаги шартномаларга оид маълумотлар Солиқ қўмитасининг ахборот тизимига киритиб борилади ва мазкур шартномалар юзасидан электрон ҳисобварақ-фактуралар Солиқ қўмитасининг ахборот тизимига киритилган маълумотлар асосида шакллантирилади.

4. Айрим фуқароларнинг халқаро IT-сертификатларини олиш харажатлари қоплаб берилади

Қонунчиликка кўра, B2 ва ундан юқори хорижий тил билиш даражасига эга фуқаролар томонидан тегишли йўналишларда халқаро IT-сертификатларни олиш харажатларининг 100 фоиз қисмини қоплаш тизими жорий этилади.

5. Капитал бозори янада ривожлантирилади

"Капитал бозорини ривожлантиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида"ги Президент қарорига кўра:

  • давлат улуши 50 фоиз ва ундан юқори бўлган корхоналарнинг акциялари фонд бозорида оммавий таклиф қилиш орқали жойлаштирилгандан сўнг камида 7 йил давомида мазкур корхоналар соф фойдасининг камида 30 фоизи дивиденд тўлашга йўналтирилади;
  • давлат улуши 50 фоиз ва ундан юқори бўлган корхоналарга хизмат кўрсатувчи андеррайтерларнинг хизмат ҳақи қимматли қоғозлар режалаштирилганга нисбатан қимматроқ ва (ёки) кўпроқ жойлаштирилганлиги натижасида шартномада келишилган миқдордан ошган ҳолларда, шартнома бошланғич нархини 10 фоиздан ортиққа  оширмаслик тўғрисидаги чеклов бекор қилинади.

6. Айрим нафақа ва моддий ёрдам бўйича аризалар "Ягона миллий ижтимоий ҳимоя" ахборот тизими орқали қабул қилинади

Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизими Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги тасарруфига ўтказилади.

Шунингдек, аҳолига кўрсатиладиган барча турдаги ижтимоий хизматлар ва ёрдамлар, шу жумладан кам таъминланган оилалар болалари учун нафақа ва моддий ёрдамлар бўйича аризалар “Ягона миллий ижтимоий ҳимоя” ахборот тизими орқали қабул қилинади.

7. Сув ҳавзалари “E-auksion” орқали ижарага берилади

Тадбиркорларга “E-auksion” электрон савдо платформасида электрон онлайн аукцион орқали қуйидагилар ижарага берилади:

  • давлатга тегишли табиий ва сунъий сув ҳавзалари (сув омборлари) – балиқни саноат усулида етиштириш, овлаш ва қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган бошқа мақсадлар учун;
  • табиий ва сунъий сув ҳавзалари (сув омборлари) ҳамда дарё атрофидаги қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкалари – сув бўйида пляж зоналарини ташкил этиш, спорт-ишқибозлик туридаги балиқ овлаш, балиқ ови, қайиқда сузиш ва сув саёҳати бўйича хизматлар кўрсатиш, балиқ маҳсулотлари, шу жумладан балиқ таомлари савдоси, умумий овқатланиш ва бошқа туризм хизматларини ташкил этиш ҳамда ушбу мақсадларда енгил конструкцияли қурилмаларни (ўтов лагерлари мажмуаси, контейнерларни) жойлаштириш учун.

Ўхшаш янгиликлар

Chat