1 сентябрдан нималар ўзгаради?

1 сентябрдан нималар ўзгаради?

1. Кўп квартирали уйларнинг зилзилабардошлигига таъсир қилувчи конструкциялар текширилади

Президентнинг 2023 йил 16 майдаги [ПҚ-158-сон] қарорига асосан 1 сентябрдан қуйидагиларни текшириш бошланади:

  • сейсмик фаол зонада жойлашган сейсмик хавфсизлиги III-IV тоифага кирувчи кўп квартирали уйлардаги умумий фойдаланиладиган жойларда (зинапоя йўлаклари, чердак ва умумий фойдаланишдаги ошхоналарда) ўзбошимчалик билан қурилган конструкциялар;
  • кўп квартирали уйларнинг, шу жумладан уларнинг ертўла ва биринчи қаватидаги зилзилабардошликка таъсир қилувчи конструкцияларга ўзбошимчалик билан киритилган ўзгартиришлар.
  • Аниқланган ноқонуний ҳолатлар бўйича қонунчиликка мувофиқ чоралар кўрилади.

2. Мактаб директорларига бир қатор ҳуқуқлар берилади

Президентнинг 2023 йил 26 майдаги [ПФ-79-сон] фармони билан Ўзбекистондаги мактаблар директорларига бир қатор ҳуқуқлар берилмоқда.

Жумладан, мактаб директорига ўз ўринбосарларини ишга қабул қилиш ва ишдан бўшатиш, ажратилган умумий соатлар доирасида ўқув режаларига 15 фоизгача ўзгартириш киритиш масалаларини мустақил ҳал қилиш ҳуқуқи берилади

3. Ички ишлар ҳодимлари фуқаролар билан ишлаш бўйича ўқитилади

Президентнинг 2023 йил 20 январдаги [ПҚ-10-сон] қарорига кўра, 1 сентябрдан бошлаб ҳуқуқбузарликлар профилактикаси, йўл-патруль ва патруль-пост хизмати бўлинмалари ходимларини «Фуқаролар билан ишлаш модули» бўйича узлуксиз ўқитиш амалиётини йўлга қўйиш орқали уларнинг соҳада самарали хизмат олиб боришдаги шахсий масъулияти оширилади.

Бунда, Ички ишлар вазирлиги Малака ошириш институтида давомийлиги 144 соатдан кам бўлмаган дастур асосида ходимлар ҳар уч йилда бир марта ўқитилиб, махсус синовдан ўтказилади ҳамда синовларни муваффақиятли топширган ходимларга келгусида ушбу соҳада хизмат қилиш ҳуқуқини таъминлайдиган сертификат берилади.


4. Коммунал соҳадаги ҳуқуқбузарликлар ҳақида хабар берганлар рағбатлантирилади

Президентнинг 2023 йил 24 майдаги [ПФ-77-сон] фармонига мувофиқ, аҳоли томонидан Энергетика вазирлигининг Интернетдаги махсус ахборот тизимига юборилган электр, иссиқлик энергияси, газдан фойдаланиш қоидаларини бузиш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар ҳақидаги фотосуратлар ва видеоёзувлар белгиланган тартибда кўриб чиқилади.

Бунда, ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги фотосуратлар ва видеоёзувларни юборган шахслар пул мукофоти билан рағбатлантирилади.

Шунингдек, ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги фотосуратлар ва (ёки) видеоёзувлардаги ҳуқуқбузарларнинг шахсини аниқлаш Энергетика вазирлигининг ҳудудий органлари сўровига асосан ички ишлар органлари томонидан амалга оширилади.


5. «Ёнғиндан огоҳлик» умуммиллий кампанияси ўтказилади

Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 4 августдаги [332-сон] қарори билан мунтазам равишда «Ёнғиндан огоҳлик» умуммиллий кампанияси амалга оширилади. Унда жумладан қуйидагилар назарда тутилади:

  • таълим ташкилотларида ёнғинларнинг олдини олиш ва ёнғин содир бўлган вазиятда ҳаракат қилиш бўйича батафсил услубий машғулотлар ўтказиш;
  • давлат ташкилотлари, тадбиркорлик субъектлари ва бошқа ташкилотларда иш жойларида ёнғин хавфсизлиги бўйича ўқитишни ташкил этиш;
  • жамоат жойларида, таълим ташкилотларида, иш жойларида ва турар жой комплексларида ўт ўчириш бўйича амалий машғулотлар ўтказиш.

6. Субсидия энди ягона электрон платформа орқали ажратилади

Президентнинг 2023 йил 28 февралдаги [ПФ-27-сон] фармонига асосан тасдиқланган 2023 йилги Давлат дастурига асосан аҳоли ва тадбиркорларга субсидия ажратиш билан боғлиқ барча хизматлар босқичма-босқич «Аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига субсидия ажратишнинг ягона электрон платформа»сига ўтказилади.

Шунингдек, субсидияларни ажратишнинг мақсадга мувофиқлигини электрон платформа орқали онлайн текшириш тизими йўлга қўйилади.


7. Ўқувчилар 2 та хорижий тил ва битта касб-ҳунарга ўқитилади

Президентнинг 2023 йил 28 февралдаги [ПФ-27-сон] фармонига кўра, тасдиқланган 2023 йилги Давлат дастурига кўра, Қонунчиликка кўра, ҳар бир туман (шаҳар)даги биттадан мактабда ўқувчиларни 2 та хорижий тил ва битта касб-ҳунарга ўргатиш амалиёти йўлга қўйилади.


8. Судланганликни олиб ташланиши ҳақидаги маълумотлар онлайн шакллантирилади

Президентнинг 2023 йил 23 мартдаги [ПҚ-99-сон] қарорига мувофиқ, судланганлик муддатининг ўтиб кетганлиги ёки судланганликнинг олиб ташланиши ҳақидаги маълумотлар Ички ишлар вазирлигининг «Тезкор маълумотлар» ягона ахборот тизимида автоматик равишда онлайн шакллантирилади.

Шунингдек, бу бўйича маълумотнома судланганлик муддати тугаган ёки судланганлик олиб ташланган сананинг эртасидан кечиктирмасдан тегишли шахснинг ЯИДХП
my.gov.uz платформасидаги шахсий кабинетига автоматик равишда бепул юборилади.


9. Айрим ҳисоботларни қоғоз шаклида тақдим этиш тартиби бекор қилинади

Президентнинг 2023 йил 24 мартдаги [ПҚ-102-сон] қарорига асосан инвестиция мажбуриятларининг бажарилиши тўғрисидаги ҳисоботларни қоғоз шаклида тақдим этиш тартиби бекор қилиниб, тегишли давлат органлари ва ташкилотларнинг электрон базасини «Давлат мулки» ахборот тизимига интеграция қилиш ва тадбиркорлар электрон тизимга киритадиган маълумотлар орқали ҳисоботларни олиш йўлга қўйилади.

Шунингдек, ҳар чоракда жойига чиққан ҳолда инвестиция мажбуриятларининг бажарилишини оралиқ мониторинг қилиш тартиби бекор қилинади.


10. Айрим маҳсулотларнинг улгуржи савдоси хабардор қилиш тартибида амалга оширилади

Президентнинг 2023 йил 4 апрелдаги [ПҚ-110-сон] қарори билан тамаки маҳсулотининг улгуржи ва чакана савдоси, пиво маҳсулотининг улгуржи савдоси хабардор қилиш тартибида амалга оширилади.

Бундан алкоголь маҳсулотларининг улгуржи ва чакана савдоси бўйича лицензия ёки хабарномага эга бўлган субъектлар мустасно.


11. Банк устав капиталининг энг кам миқдори оширилади

Президент томонидан 2023 йил 19 апрелда имзоланган [ЎРҚ-831-сон] қонунга кўра, «Банклар ва банк фаолияти тўғрисида»ги Қонунга ўзгартиш киритилди. Унга кўра, банк устав капиталининг энг кам миқдори 200 миллиард сўмни ташкил этиши керак.

Илгари банк устав капиталининг энг кам миқдори 100 миллиард сўмни ташкил этиши лозим эди.


12. Қишлоқ хўжалиги техникаларига техник кўрикдан ўтганлиги учун талон бериш бекор қилинади

Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 29 апрелдаги [170-сон] қарорига мувофиқ, юридик шахс бўлган тадбиркорлар жисмоний шахсларнинг 100 от кучигача қувватга эга қишлоқ хўжалиги, мелиорация ва йўл-қурилиш техникаларини техник кўрикдан ўтказиш фаолияти билан шуғулланиши мумкин.

Шунингдек, қишлоқ хўжалиги, мелиорация ва йўл-қурилиш техникаларига техник кўрикдан ўтганлиги тўғрисида талон бериш амалиёти бекор қилинади (хорижий давлатларга ишга юбориладиган техникалардан ташқари).


13. Ижро этувчи ҳокимиятнинг марказий аппаратлари электрон ҳужжат айланиш тизимига ўтказилади

Президентнинг 2023 йил 24 майдаги [ПФ-76-сон] фармонига асосан «Рақамли ҳукумат» тизими доирасида ижро этувчи ҳокимиятнинг марказий аппаратлари электрон ҳужжат айланиш тизимига ўтказилади.

Бунда, қоғозсиз иш юритишга ўтиш жараёнини жадаллаштириш мақсадида «Ijro.gov.uz» ижро интизоми идоралараро ягона электрон тизими негизида ишлаб чиқилган «edo.ijro.uz» модулидан фойдаланилади.

Шунингдек, республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ахборот тизимларида «Рақамли ҳукумат» тизимининг ягона идентификаторлари ҳамда маълумотномалар ва таснифлагичлар регистри ахборот тизимида жойлаштирилган ягона умумдавлат маълумотномалар ва таснифлагичлардан фойдаланишлари шарт бўлади.


Ўхшаш янгиликлар

Chat