"Гендер тенглик ва аёлларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш"га қаратилган давра суҳбатлари ташкил этилди
Мамлакатимизда аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтиришга доир ишлар самарадорлигини кучайтириш, фуқароларнинг ҳуқуқий саводхонлик даражасини ошириш, уларга юридик хизмат кўрсатиш тизимини янада ривожлантиришга қаратилган ишлар изчил амалга оширилмоқда.
Хусусан, Ҳукуматнинг 2019 йил 6 сентябрдаги 741-сонли қарорига асосан фуқароларнинг ҳуқуқий масалалар бўйича мурожаатлари юзасидан уларга бепул юридик ёрдам кўрсатиш мақсадида “Мадад” – муассаса шаклидаги нодавлат нотижорат ташкилоти таъсис этилган.
Бувайда туман ҳокимлиги мажлислар залида “Мадад”– муассаса шаклидаги нодавлат нотижорат ташкилоти ташаббуси билан "Гендер тенглик ва аёлларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш"га қаратилган давра суҳбатлари ташкил этилди.
Тадбирларда “Мадад” – муассаса шаклидаги нодавлат нотижорат ташкилоти марказий аппарати ходимлари, "Search for Common Ground" ННТ вакиллари ва Бувайда туман хотин-қизлар фаоллари, отинойилар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этишди.
Давра суҳбатида “Мадад” ННТ томонидан сўнгги йилларда хотин-қизларнинг гендер масалаларидаги муаммолари, уларнинг самарали йечими ва ушбу соҳани такомиллаштириш юзасидан самарали иш олиб борилаётгани алоҳида таъкидланди.
Тақдимотда жамиятимизда гендер тенглик масалаларида муаммоларга дуч келган, тазйиқ ва зўравонликка учраган эркак ва аёллар учун бир қатор қулайлик ва имкониятлар яратиш мақсадида “Gendermadad.uz” электрон ҳуқуқий маслаҳатчи платформаси ишлаб чиқилганлиги, платформада мавжуд 12 та бўлимлар гендер тенглик масаласида муҳим ҳисобланган турли ҳуқуқий ахборот ва маълумотлар билан бойитилганлиги айтиб ўтилди.
Шу билан бирга платформанинг яна бир муҳим жиҳати, ундаги барча електрон маълумотлар фойдаланувчилар учун тушунарли, оддий ва қулай шаклда жойлаштирилганлиги ҳам таъкидланди.
Давра суҳбатида сўз олган нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари, “Мадад” ННТ томонидан ушбу электрон платформанинг яратилиши натижасида оилавий муносабатлардан тортиб, аёлларнинг жамиятдаги ижтимоий ҳимоясини таъминлашга оид жараёнларни ўз ичига олган кенг қамровли ҳуқуқий ахборотга эга бўлиш билан бирга, ушбу платформа аёллар ва хаттоки эркакларнинг ҳам ҳуқуқий саводхонлигини оширишга хизмат қилишини эътироф этди.
Давра суҳбати якунида “Мадад” ННТ томонидан ушбу соҳанинг самарадорлигини янада оширишга қаратилган бир қатор таклиф ва тавсиялар берилди. Шунингдек, аёлларнинг ва бошқа аҳоли вакилларининг ҳуқуқий саводхонлик даражасини ошириш орқали самарали натижаларга еришилиши таъкидланиб, бу борада аниқ чора-тадбирлар белгилаб олинди.