“Мадад” ННТ томонидан жорий йилнинг 19-20 июнь кунлари Фарғона ва Қувасой шаҳарларида “Гендер тенглик ва хотин-қизларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш” мавзусида давра суҳбати ташкил этилди
Тадбирда Фарғона ва Қувасой шаҳар ҳокимликлари, халқ депутатлари вилоят ва шаҳар кенгаши депутатлари, “Оқила аёллар” ҳаракати ва бошқа нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Давра суҳбатида, “Мадад” ННТ томонидан аёллар ва эркакларнинг тенг ҳуқуқлилигини таъминлаш, аёлларга нисбатан тазйиқ ва зўравонликларни олдини олиш мақсадида ишлаб чиқилган “Gender - madad” ҳуқуқий маслаҳат платформасининг тақдимоти бўлиб ўтди.
Тақдимотда, ушбу платформа гендер тенглик масалаларида муҳим ҳисобланган ҳуқуқнинг турли йўналишлари, шу жумладан, аёлларнинг жамиятдаги ҳуқуқий ва ижтимоий ҳимоясини таъминлаш, аёлларга берилган имтиёзлар, оилавий муносабатлар, аёллар учун ижтимоий ҳимоя дафтарлари ва шу каби бошқа бўлимлар мавжудлиги, улар ҳуқуқий ахборот ва маълумотлар билан доимий равишда янгиланиб борилиши ҳамда барча электрон маълумотлар фойдаланувчилар учун тушунарли, оддий ва қулай шаклда жойлаштирилганлиги қайд этилди.
Шунингдек, ушбу платформадан фойдаланувчилар, ўзларини қизиқтирган ҳуқуқуқий масалалар бўйича реал вақт режимида онлайн маслаҳатлар ва тушунтиришлар олишлари учун қулай имконият яратилганлиги таъкидланди.
Тадбир давомида унинг иштирокчилар томонидан хотин-қизларнинг гендер тенглиги масалаларидаги муаммолар, хотин-қизларнинг ижтимоий муаммоларини ҳал этиш ва уларнинг бандлигини таъминлашда ННТнинг ўрни ва аҳамияти, тазйиқ ва зўравонликка учраган хотин-қизларни ҳуқуқий жиҳатдан ҳимоя қилишда давлат органлари ва нодавлат ташкилотларининг ўзаро ҳамкорлиги каби масалалар юзасидан фикр-мулоҳазалар алмашилди.
Тадбир якунида, “Мадад” ННТ ва “Оқила аёллар” ҳаракати билан гендер тенглиги масалалари бўйича ўзаро ҳамкорликни янада ривожлантириш мақсадида меморандум имзолашга келишиб олинди.