Бола туғилганидан бошлаб мактабга онлайн ҳисобга қўйилади
Фармонга кўра, 2023 йил 1 сентябрдан:
- мактаб директорига ўз ўринбосарларини ишга қабул қилиш ва ишдан бўшатиш, ажратилган умумий соатлар доирасида ўқув режаларига 15 фоизгача ўзгартириш киритиш масалаларини мустақил ҳал қилиш ҳуқуқи берилади;
- туман (шаҳар) мактабгача ва мактаб таълими бўлимларининг мактаб фаолиятини текшириш ва таълим сифатини баҳолаш бўйича ваколатлари бекор қилинади;
- ҳудудларда энг тажрибали мактаб директорларидан иборат Директорлар кенгашлари тузилади;
- мактаб директорлари Директорлар кенгаши тавсиясига асосан ҳудудий бошқармалар томонидан очиқ танлов асосида лавозимга тайинланади.
2024 йил 1 январдан мактаб директорларини ҳар 5 йилда бир маротаба касбий сертификациялаш тизими жорий этилади.
Бунда, сертификациядан ўта олмаган директорлар белгиланган тартибда лавозимидан озод этилади.
Фармонга мувофиқ, қуйидагилар бекор қилинади:
- маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосарларини лавозимга тайинлашда туман (шаҳар) маънавият ва маърифат маркази томонидан тавсия бериш амалиёти;
- жисмоний тарбия фани ўқитувчиларини ишга қабул қилишда спорт соҳасидаги ваколатли давлат органининг ҳудудий бўлимлари ҳамда спорт мактаблари методистлари томонидан йўлланма бериш тартиби.
2024 йил 1 январдан:
- бола туғилганидан сўнг, доимий яшаш манзилидаги микроҳудудга бириктирилган мактабда онлайн ҳисобга қўйилади;
- мактабларнинг ҳар ўқув йили учун қабул режаси my.maktab.uz электрон платформасида шакллантирилади.
Шунингдек, 2023/2024 ўқув йилидан “Сирдарё тажрибаси” асосида ҳар битта ҳудудда биттадан замонавий “Баркамол авлод” болалар мактаблари ташкил қилинади.