Янги иш бошлаган салоҳиятли ёш шифокорларга 1 миллион сўмгача устамалар берилади
Тиббиёт муассасаларини моддий рағбатлантириш ва ривожлантириш жамғармаси тўғрисидаги низом Адлия вазирлигида давлат рўйхатидан ўтказилди (рўйхат рақами 3416, 16.01.2023 й.)
Низомга кўра, Жамғарма маблағлари қуйидаги 2 йўналиш бўйича сарфланади:
- 75 фоизи барча давлат тиббиёт муассасалари тиббиёт, фармацевтика ва бошқа ходимларини моддий рағбатлантиришга;
- 25 фоизи тиббиёт муассасасининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, модернизация қилиш ҳамда таъмирлашга.
Тиббиёт муассасаси ходимларига моддий рағбатлантиришнинг қуйидаги турлари қўлланилади:
- тиббиёт муассасасининг юқори малакали, алоҳида натижага эришган, ҳалол ва виждонан ишлаётган тиббиёт ҳамда фармацевтика ходимларига ойлик лавозим маошининг 100 фоизигача ҳамда бошқа ходимларга 75 фоизигача ойлик устамалар;
- янги иш бошлаган салоҳиятли ёш шифокорларга 1 миллион сўмгача махсус ойлик устамалар;
- оилавий шифокор пунктлари, оилавий поликлиникалар ва кўп тармоқли марказий поликлиникаларда кундузги стационар иш вақтини соат 20:00 гача узайтириш ҳисобига иккинчи сменада ишловчи шифокор ҳамда ҳамшираларга лавозим маошининг 30 фоизигача ойлик қўшимча устамалар;
- тиббиёт муассасалари барча ходимларига касбий ва бошқа байрамлар муносабати билан бериладиган мукофот пуллари, шунингдек моддий ёрдам пуллари.
Ойлик фоизли устамалар тиббиёт муассасаси ходимларини рейтинг баҳолаш тизими асосида амалга оширилади.