Олий Мажлис Сенатининг Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитасида “Гендер-Мадад” платформаси бўйича 2022 йилда амалга оширилган ишларнинг муҳокамасига бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди

Олий Мажлис Сенатининг Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитасида “Гендер-Мадад” платформаси бўйича 2022 йилда амалга оширилган ишларнинг муҳокамасига бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди

Жорий йилнинг 5 январь куни Олий Мажлис Сенатида Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси, «Мадад» ННТ вакиллари ҳамда маҳаллий Кенгаш депутатлари, Ёшлар сиёсати, хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари бўйича доимий комиссия аъзолари иштирокида давра суҳбати бўлиб ўтди.

Унда аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, хотин-қизларга ҳуқуқий масалалар бўйича тўғридан-тўғри ҳамда онлайн маслаҳатлар, тушунтиришлар бериш борасида амалга оширилган ишлар ҳолати муҳокама қилинди.

Таъкидланганидек, жамиятда аёллар ва эркакларнинг тенг ҳуқуқлилигини таъминлаш, аёлларга нисбатан тазйиқ ва зўравонликнинг олдини олиш мақсадида Адлия вазирлиги ва «Мадад» ННТ билан ҳамкорликда «Гендер-Мадад» электрон ҳуқуқий маслаҳатчи платформаси ишлаб чиқилиб, 2022 йил 1 мартдан ишга туширилган.

Платформага  гендер тенглик, ҳуқуқий ҳимоя, оилавий муносабатлар, тазйиқ, зўравонлик, алимент каби масалалар доирасида 200 тадан ортиқ ҳуқуқий ахборот, маълумот ва контентлар жойлаштирилган. Контентларнинг асосий қисми аёлларга берилган имтиёзлар ва уларнинг ҳуқуқий муҳофазасига қаратилган.

Платформада онлайн-маслаҳатчи хизмати (онлайн чат) ҳам мавжуд бўлиб, хотин-қизлар ушбу хизмат орқали гендер тенглик масалалари бўйича ўзларини қизиқтирган саволларга реал вақт режимида малакали мутахассислардан жавоб олишлари мумкин.

Ҳозирги вақтда платформа орқали 500 дан ортиқ онлайн мурожаатлар келиб тушган. Мурожаатларнинг 220 таси ёки 40,6 фоизи гендер тенглик муносабатлари, 114 таси ёки 32,1 фоизи аёллар ҳуқуқий ҳимояси, 103 таси ёки 27,1 фоизи аёлларга имтиёзлар ва бола пули, нафақа масалаларига тегишлидир.

Давра суҳбатида Қўмита аъзолари, малакали экспертлар томонидан «Мадад» ННТнинг ҳудудлардаги бюролари ишини ривожлантириш, айниқса «Гендер-Мадад» электрон платформаси имкониятларидан самарали фойдаланиш ҳамда маҳаллий Кенгаш депутатлари билан ҳамкорликда тарғибот-ташвиқот ишларини янада кенгайтириш тавсия этилди.


Ўхшаш янгиликлар

Chat