Бола ҳуқуқлари бўйича вакил (омбудсман) Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциясини бажариш стратегиясини ва бола ҳуқуқлари масалалари бўйича бошқа ҳужжатларни ишлаб чиқиш ҳамда амалга оширишда иштирок этади. Бундан ташқари, болалар ва уларнинг қонуний вакиллари орасида бола ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини тушунтириш, бола ҳуқуқлари ва Бола ҳуқуқлари бўйича вакил фаолияти ҳақидаги халқаро ҳамда миллий нормалар қоидаларини тарғиб қилишни олиб боради.
Вакил жисмоний ва юридик шахсларнинг бола ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари бузилиши тўғрисидаги мурожаатларини кўриб чиқади.
Бола ҳуқуқлари бўйича вакил (омбудсман) ўз ваколати доирасида бола ҳуқуқлари ва эркинликлари халқаро стандартларини қонун ҳужжатларига татбиқ этишни ҳамда давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг фаолиятида бола ҳуқуқларига риоя этилишини мониторинг қилади.
- Бола ҳуқуқлари бўйича вакил ўз ваколатларини мустақил ҳамда давлат органлари ва уларнинг мансабдор шахсларига тобе бўлмаган тарзда бажаради.
- Вакил дахлсизлик ҳуқуқидан фойдаланади ва у Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг розилигисиз жиноий жавобгарликка тортилиши, ушлаб турилиши, қамоққа олиниши ёки суд тартибида бериладиган маъмурий жазога тортилиши мумкин эмас.
- Вакилга нисбатан жиноят иши фақат Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори томонидан қўзғатилиши мумкин.
- Вакилни мажбурий келтиришга, ушлаб туришга, шунингдек, унинг шахсий буюмлари, юки, транспорти, турар жойи ва хизмат хонасини кўздан кечиришга йўл қўйилмайди.
- Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Вакилнинг фаолиятини мувофиқлаштириб боради.
- Вакил Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида ўзининг жамоатчилик асосида фаолият юритувчи минтақавий вакилларига эга бўлади.
Бола ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш масалалари бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари мажбурий тартибда Вакил билан келишилади.