
Айрим оилавий ҳолатларда ходим тўлиқсиз иш куни ёки тўлиқсиз иш ҳафтасини сўраш ҳуқуқига эга. Қонунда белгиланган шахслар мурожаат қилганда иш берувчи бундай иш вақтини белгилаши шарт.
Иш берувчи ҳомиладор аёлнинг илтимосига кўра унга тўлиқсиз иш вақти белгилайди. Худди шу кафолат 14 ёшга тўлмаган боланинг, шунингдек 16 ёшга тўлмаган ногиронлиги бўлган боланинг ота-онасидан бирига ёки ота-она ўрнини босувчи шахсга ҳам тегишли. Оиланинг бетоб аъзосини тиббий хулосага мувофиқ парваришлаётган шахс ҳам бу ҳуқуқдан фойдаланиши мумкин.
Тўлиқсиз иш вақти ҳар кунги иш вақтини қисқартириш, ҳафтадаги иш кунлари сонини камайтириш ёки ушбу усулларни биргаликда қўллаш шаклида белгиланиши мумкин. У ишга қабул қилишда ҳам, ходим ишлаётган вақтда ҳам расмийлаштирилади. Қонунда кўрсатилган шахслар учун бундай тартиб уни белгилашга асос бўлган ҳолат мавжуд бўлган даврдан ортиқ бўлмаган муддатга жорий этилади. Иш ва дам олиш режими ходимнинг истаги ҳамда иш шароитларини ҳисобга олган ҳолда белгиланади.
Тўлиқсиз иш вақтида иш ҳақи ишланган вақтга мутаносиб ёки бажарилган иш ҳажмига қараб тўланади. Бироқ бундай тартиб йиллик асосий меҳнат таътили давомийлигини, меҳнат стажини ҳисоблашни ва бошқа меҳнат ҳуқуқларини чекламайди.
Бундан ташқари, 16 ёшга тўлмаган ногиронлиги бўлган болани тарбиялаётган ота-онадан бирига ёки ота-она ўрнини босувчи шахсга ҳар ой бир қўшимча дам олиш куни берилади. Ушбу кун учун бир кунлик иш ҳақи миқдорида нафақа бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси маблағлари ҳисобидан тўланади.
Ходим аризада ўзига қулай иш вақти режими ва ундан қайси муддат давомида фойдаланмоқчилигини кўрсатса, уни расмийлаштириш осонлашади.
Ҳуқуқий асос: Меҳнат кодексининг 186, 398 ва 399-моддалари.