Овчилик ва балиқчилик хўжалигини юритиш — ов хўжаликларида ёввойи ҳайвонларни қўриқлаш ва улардан оқилона фойдаланишни, муҳофаза қилиш ва кўпайтириш тадбирлари билан боғлиқ хўжалик фаолиятини илмий асосланган режалаштириш асосида амалга оширишдир.
Овчиликдан фойдаланувчилар — спорт-ҳаваскорлик ва саноат овига ҳамда балиқ овлашга, овчилик хўжалигини юритишни амалга оширишга қонун ва бошқа меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар билан ҳуқуқ берилган жисмоний ва юридик шахслардир.
Спорт-ҳаваскорлик, саноат мақсадида овлаш ва балиқ овлашга рухсат берилган жойлар ов қилинадиган ва балиқ тутиладиган ҳудудлар ҳисобланади.
Овчилик ва балиқчилик хўжаликлари қуйидагиларга бўлинади:
- давлат ташкилотлари ихтиёрида бўладиган ҳамда овчилик ва балиқчилик маҳсулотлари етиштириш ва тайёрлашга мўлжалланган давлат хўжаликлари;
- овчилик фаолияти ўрмон хўжалиги билан қўшиб олиб бориладиган ўрмон-овчилик давлат хўжаликлари;
- жамоат бирлашмалари ва бошқа нодавлат тузилмалар томонидан ташкил этиладиган, шахсий эҳтиёжларни қондириш мақсадида жисмоний шахслар томонидан спорт-ҳаваскорлик ови ва балиқ овлаш учун спорт-ҳаваскорлик хўжаликлари;
- амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ ташкил этиладиган хусусий овчилик-балиқчилик хўжаликлари.
Қуйидагилар спорт, ҳаваскорлик, саноат мақсадларида овчилик қилиш тақиқланган жойлар ҳисобланади:
- аҳоли пунктлари ерлари;
- соғломлаштириш, рекреацион ва тарихий-маданий мақсадлардаги ерлар;
- муҳофаза этиладиган ҳудудлар — агар уларнинг режимида ов қилиш белгиланмаган бўлса, шаҳарлар атрофидаги яшил зоналар;
- корхоналар атрофидаги санитария-ҳимоя зоналари;
- сув олиш иншоотларининг ҳимоя зоналари;
- аэродромлар;
- чегара зоналари;
- ҳосили йиғиштириб олингунгача — қишлоқ хўжалиги мақсадларида фойдаланиладиган ерлар;
- тўғонлар, сув айиргичлар, кўприклар, балиқ питомниклари, ҳовуз ва бошқа маданий балиқчилик хўжаликлари ерлари, агар ушбу объектларни қўриқлаш режимида ов қилиш ва балиқ овлашни тақиқлаш белгиланган бўлса.
Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ов қилиш ва балиқ овлаш қоидалари, шу жумладан тутиш нормалари, ов қилиш (тутиш) қуролларига қўйиладиган талаблар, тутиш муддатлари, ов қилиш ёки балиқ овлаш тақиқланган жойларни аниқлаш тартиби, шунингдек ов қилиш ва балиқ овлаш билан боғлиқ бошқа масалалар Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси томонидан, манфаатдор юридик шахслар билан келишилган ҳолда тасдиқланади.