Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 11-моддаси давлат ҳокимиятининг қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд ҳокимиятига бўлиниш принципини жорий этди.

Суднинг вазифалари — Ўзбекистон Республикасида суд Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва бошқа қонунларида, инсон ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро ҳужжатларда эълон қилинган фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини, корхоналар, муассасалар ва ташкилотларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонун билан қўриқланадиган манфаатларини суд йўли билан ҳимоя қилишга даъват этилган. Суднинг фаолияти қонун устуворлигини, ижтимоий адолатни, фуқаролар тинчлиги ва тотувлигини таъминлашга қаратилгандир.

Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди қонун чиқарувчи ва ижро этувчи ҳокимият ҳужжатларининг Конституцияга мувофиқлиги тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш бўйича доимий фаолият кўрсатувчи суд ҳокимияти органидир.

Суд тизими
  • Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди;
  • Ўзбекистон Республикаси Олий суди;
  • ҳарбий судлар;
  • Қорақалпоғистон Республикаси фуқаролик ишлари бўйича суди, фуқаролик ишлари бўйича вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари;
  • Қорақалпоғистон Республикаси жиноят ишлари бўйича суди, жиноят ишлари бўйича вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари;
  • Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар иқтисодий судлари;
  • Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маъмурий судлари;
  • фуқаролик ишлари бўйича туманлараро, туман (шаҳар) судлари;
  • жиноят ишлари бўйича туман (шаҳар) судлари;
  • туманлараро, туман (шаҳар) иқтисодий судлари;
  • туман (шаҳар) маъмурий судлари фаолият кўрсатади.

Суд ҳокимиятининг мустақиллиги кафолатлари

  • Ўзбекистон Республикасида суд ҳокимияти қонун чиқарувчи ва ижро этувчи ҳокимиятлардан, сиёсий партиялардан, бошқа жамоат бирлашмаларидан мустақил ҳолда иш юритади.
  • Судьялар мустақилдирлар, фақат қонунга бўйсунадилар. Судьяларнинг одил судловни амалга ошириш борасидаги фаолиятига бирон-бир тарзда аралашишга йўл қўйилмайди ва бундай аралашиш қонунга мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлади.
  • Судьяларнинг дахлсизлиги қонун билан кафолатланади.
  • Судьялар сенатор, давлат ҳокимияти вакиллик органларининг депутати бўлиши мумкин эмас.
  • Судьялар сиёсий партияларнинг аъзоси бўлиши, сиёсий ҳаракатларда иштирок этиши, шунингдек илмий ва педагогик фаолиятдан ташқари ҳақ тўланадиган бошқа бирон-бир фаолият турлари билан шуғулланиши мумкин эмас.
  • Судья ваколат муддати тугагунга қадар судьялик вазифасидан қонунда кўрсатилган асослар бўлгандагина озод этилиши мумкин.

Конституциявий суднинг мустақиллиги

  • Конституциявий суд ҳамда унинг судьялари ўз фаолиятида мустақилдир ва фақат Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига бўйсунади.
  • Конституциявий суднинг судьялари ҳужжат қабул қилар экан, амалий мақсадга мувофиқлик мулоҳазалари, сиёсий мойиллигидан ва бошқа ташқи таъсирлардан холи бўлган ўз ҳуқуқий нуқтаи назарини ифодалайди.
  • Конституциявий суднинг фаолиятига аралашишга йўл қўйилмайди ва бундай аралашиш қонунга мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлади.

Судьяларнинг мустақиллигини таъминлаш
  • уларни қонунда белгиланган тартибда судьяликка сайлаш, тайинлаш ва судьяликдан озод қилиш;
  • уларнинг дахлсизлиги;
  • одил судловни амалга оширишдаги қатъий таомил;
  • қарор чиқариш чоғида судьялар маслаҳатининг сир тутилиши ва уни ошкор қилишни талаб этишнинг тақиқланиши;
  • судга ҳурматсизлик ёки муайян ишларни ҳал қилишга аралашганлик, судьялар дахлсизлигини бузганлик учун жавобгарлик;
  • судьяга давлат ҳисобидан унинг юксак мақомига муносиб моддий ва ижтимоий таъминот бериш.

Судлар

Сони

Жиноят ишлари бўйича туман(шаҳар) судлари

199

Фуқаролик ишлари бўйича туманлараро, туман (шаҳар) судлари

75

Туман (шахар) маъмурий судлари

199

Туманлараро, туман (шаҳар) иқтисодий судлари

71


Фойдали маълумотлар

Суд статистикаси

Интерактив хизматлар

Электрон қабул

Электрон тўлов тизими

Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси номига мурожаат юбориш