✅ “Давлат божи тўғрисида”ги қонунинг 8-моддасига асосан, истеъмолчилар — ўз ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари бузилиши билан боғлиқ даъволар юзасидан Фуқаролик ишлари бўйича судларда давлат божини тўлашдан озод қилинган.
✅ Агар товар (иш, хизмат) ҳақида нотўғри ёки етарли даражада тўлиқ бўлмаган маълумот берилганлиги, зарур истеъмол хоссаларига эга бўлмаган товар (иш, хизмат) сотиб олинишига сабаб бўлса, истеъмолчи шартномани бекор қилишга ва ўзига етказилган зарарнинг қопланишини талаб қилишга ҳақлидир. ✅ Нотўғри реклама оқибатида сотиб олинган товар (иш, хизмат) туфайли истеъмолчига етказилган зарар ишлаб чиқарувчи (ижрочи, сотувчи) томонидан тўлиқ ҳажмда қопланиши лозим.
✅ Товарда кафолат муддати давомида топилган нуқсонларни сотувчи истеъмолчи тегишли талаб қўйган пайтдан эътиборан 20 кун ичида, ишлаб чиқарувчи эса, 10 кун ичида бепул бартараф этиши лозим.
✅ Истеъмолчининг ҳуқуқлари бузилиши туфайли унга етказилган маънавий зарар етказган шахс ҳақ тўлаши лозим. Маънавий зарар учун тўланадиган ҳақ миқдорини суд белгилайди. Маънавий зарар учун ҳақ тўлаш мулкий зиён ва истеъмолчи кўрган зарарнинг ўрни қопланишидан қатъи назар, амалга оширилади.
✅ Нуқсонли товар сотилганда истеъмолчи, агар бу ҳол шартнома тузиш пайтида айтиб ўтилмаган бўлса, алмаштириб беришни талаб қилишга ҳақли. Кафолат муддати ва яроқлилик муддати белгиланмаган товарлар бўйича 6 ой мобайнида амалга оширилиши мумкин.