Боғчага бериш ёшиДавлат боғчаларига 3 ёшдан 7 ёшгача бўлган болалар қабул қилинадилар. Хусусий боғчаларга қабул қилиш ёши ва тартиби ушбу боғчалар томонидан мустақил белгиланади.
Боғчага болани жойлаштириш учун анкета тўлдиришДавлат боғчасига болани жойлаштириш учун йўлланма олиш ҳақида анкетани тўлдириш зарур. Анкетани 2 хил усулда тўлдириш мумкин.
- Ота-оналар ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар томонидан Давлат хизматлари марказига мурожаат қилиш.
- Ягона интерактив давлат хизматлари порталида тегишли анкетани тўлдириш.
Йўлланма олиш учун фақатгина тегишли сўровномани тўлдириш талаб этилади. Бунда фақатгина йўлланма олишда имтиёзлар мавжуд бўлса тегишли ҳужжатларнинг асл нусхалари кўрсатилади.
Боғчага жойлаштиришда имтиёз берилган шахслар рўйхатиҚуйидаги шахсларга болани боғчага қўйишда имтиёзлар берилади:
- ногиронлиги бўлган шахсларнинг болалари;
- 3 нафар ёки ундан кўп болалари бўлган оилаларнинг болалари;
- ҳарбий хизматчиларнинг ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларининг болалари;
- талабалар ва педагогларнинг болалари;
- етим болалар ёки ота-онасининг қаровисиз қолган болалар;
- бошқа муассасалардан ўтказилган болалар;
- акалари ёки опалари ушбу муассасанинг тарбияланувчилари жумласидан бўлган болалар.
Мазкур рўйхатдаги болаларга боғчада бўш ўринлар мавжуд бўлганда биринчи навбатда йўлланма берилади.
Боғчага жойлаштириш учун йўлланма олишБоғчага бериш ҳақида анкета тўлдирилаётганда танланган боғчада бўш ўрин мавжуд ёки мавжуд эмаслиги автоматик равишда маълум бўлади. Агар бўш ўрин бўлмаса бунда:
- бўш ўринларга эга бўлган бошқа боғчани танлаш (йўлланма олиш);
- бўш ўрин бўлганда йўлланма олиш учун навбатга кириш (бунда бир йўла 2 та боғчани танлаш мумкин).
Тақдим этган анкетада ишончсиз ёки нотўғри маълумотларнинг мавжудлиги йўлланмалар беришнинг рад этилиши учун асос ҳисобланади. Бошқа асослар бўйича йўлланма беришни рад этишга йўл қўйилмайди.
Йўлланма бериш муддатиЙўлланма бўш жой пайдо бўлган кундан бошлаб бир иш куни ичида тақдим этилади.
Йўлланма олингандан кейин 15 кун ичида боғчага олиб борилиши керак. Ушбу муддат ўтгандан кейин тақдим этилган йўлланма қабул қилинмайди.
Бола боғчага йўлланма тақдим этилгандан кейин бир иш куни ичида қабул қилинади.
Болани боғчага қўйишда тўланадиган суммаБолаларни боғчага қабул қилиш бепул амалга оширилади.