Ўзбекистон Республикаси Конституцияси
Ота-оналар ўз фарзандларини вояга етгунларига қадар боқиш ва тарбиялашга мажбурдирлар.

  • Ота ва она ўз болаларига нисбатан тенг ҳуқуқ ва мажбуриятларга эгадирлар.
  • Фарзанд тўла муомалага лаёқатли бўлса, унинг мажбуриятлари бўйича, хусусан, у етказган зарар оқибатида келиб чиққан мажбуриятлар бўйича она-оналар жавобгар бўлмайдилар.

Шахс қуйидаги ҳолларда тўла муомалага лаёқатли деб топилади:

  • вояга етганда (18 ёшга тўлганда);
  • вояга етмаган шахсни тўла муомалага лаёқатли деб топиш (эмансипация)
    • 16 ёшга тўлган вояга етмаган шахс меҳнат шартномаси бўйича ишлаётган бўлса ёки ота-онаси, фарзандликка олувчилари ёхуд ҳомийсининг розилигига биноан тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланаётган бўлса, у тўла муомалага лаёқатли деб эълон қилиниши мумкин.
    • вояга етмаган шахсни тўла муомалага лаёқатли деб эълон қилиш ота-онанинг, фарзандликка олувчиларнинг ёки ҳомийнинг розилиги билан васийлик ва ҳомийлик органининг қарорига мувофиқ ёхуд, бундай розилик бўлмаган тақдирда, суднинг қарори билан амалга оширилади.
  • вояга етмаган шахс қонуний никоҳ муносабатларига киришганда.

Ота-она, фарзандликка олувчилар ва ҳомий эмансипация қилинган вояга етмаганнинг мажбуриятлари бўйича, хусусан, у етказган зарар оқибатида келиб чиққан мажбуриятлар бўйича жавобгар бўлмайдилар.


  • Ота-она ўз болаларини тарбиялаш ҳуқуқига эга ва тарбиялаши шарт.
  • Ота-она ўз болаларининг тарбияси ва камолоти учун жавобгардир. Улар ўз болаларининг соғлиғи, жисмоний, руҳий, маънавий ва ахлоқий камолоти ҳақида ғамхўрлик қилишлари шарт.
  • Ота-она ўз болаларини тарбиялашда бошқа барча шахсларга нисбатан устун ҳуқуққа эга.
  • Ота-она болаларининг қонун ҳужжатларида белгиланган зарур даражада таълим олишини таъминлаши шарт.

Ота-оналар ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар томонидан вояга етмаган болаларни тарбиялаш ва уларга таълим бериш борасидаги мажбуриятларни бажармаслик жаримага сабаб бўлади.


  • Болаларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш уларнинг ота-онаси зиммасига юклатилади.
  • Ота-она ўз болаларининг қонуний вакиллари ҳисобланадилар ҳамда ҳар қандай жисмоний ва юридик шахслар билан бўлган муносабатларда, судда алоҳида ваколатсиз уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қиладилар.
  • Васийлик ва ҳомийлик органи томонидан ота-она ва болалар манфаатлари ўртасида қарама-қаршилик борлиги аниқланганда, ота-она ўз болаларининг манфаатларини ҳимоя қилишга ҳақли эмас.

Ота-она ва болалар ўртасида келишмовчиликлар мавжуд бўлганда васийлик ва ҳомийлик органи болаларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш учун вакил тайинлаши шарт.


  • Ота-она болани қонунга асосланмасдан ушлаб турган ҳар қандай шахсдан унинг қайтарилишини талаб қилишга ҳақли. Низо чиққан тақдирда, ота-она ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун судга мурожаат қилишга ҳақли. Бу талабларни кўришда суд болани ота-онасига қайтариш унинг манфаатларига зид деган хулосага келса, боланинг фикрини ҳисобга олган ҳолда ота-онанинг даъвосини рад қилишга ҳақли.

Агар суд ота-она ҳам, болани ўз қарамоғига олган шахс ҳам болага лозим даражада тарбия беришни ҳамда уни камолотга етказишни таъминлай олмайдилар, деб топса, болани васийлик ва ҳомийлик органи қарамоғига олиб беради.