Факсимил имзонинг вазифаси
Факсимил имзо — шахснинг ўз қўли билан қўядиган имзоси ўрнини босадиган махсус тайёрланган штамп. У, масалан, кўришнинг бузилиши, қўл-оёқнинг йўқлиги, ҳаракатларни мувофиқлаштира олмаслик ёки фалажлик сабаб ҳужжатни қўл билан имзолаш имконияти бўлмаган ҳолатга мўлжалланган.
Ногиронлик мавжудлигининг ўзи факсимил имзодан фойдаланиш учун етарли шарт эмас. Қонун уни жисмоний ҳолати туфайли зарур ҳужжатга ўз қўли билан имзо қўя олмайдиган шахс қўллаши мумкинлигини белгилайди.
Имзодан фойдаланиш ва уни сақлаш
Факсимил имзо муайян шахс учун тайёрланади ва у томонидан бутун ҳаёти давомида ишлатилиши мумкин. Йўқолса, дубликати тайёрланади. Бундай имзони эҳтиёткорлик билан сақлаш муҳим, чунки у шахс номидан ҳужжатларни имзолашда қўлланади.
Факсимил имзодан фойдалангани учун шахснинг фуқаролик ҳуқуқларини амалга оширишини чеклаш мумкин эмас.
Мурожаатни имзолаш
Қонун ногиронлиги бўлган шахснинг давлат органи ёки ташкилотига юборадиган мурожаатини факсимил имзо билан имзолаш имкониятини ҳам назарда тутади. Агар ташкилот имзони қабул қилишда муаммо туғдирса, рад этиш сабабини аниқлаштириш ва ёзма жавоб сўраш мақсадга мувофиқ.
Норматив асос: «Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида»ги Қонун, 28 ва 29-моддалар.