
Кимлар фойдаланиши мумкин?
Ёрдамни Ижтимоий реестрга киритилган оиланинг 14–30 ёшдаги, 31 ёшга тўлмаган аъзоси сўраши мумкин. У Ўзбекистондаги П-Эмис ахборот тизимидан фойдаланадиган касбий таълим ташкилотида кундузги шаклда ёки ҲЕМИС тизимидан фойдаланадиган давлат, нодавлат ёхуд Ўзбекистон ҳудудидаги хорижий олий таълим ташкилоти ва унинг филиалида бакалавриат ёки магистратуранинг кундузги шаклида тўлов-контракт асосида ўқиётган бўлиши керак.
Иккинчи ва ундан кейинги мутахассислик, масофавий, сиртқи ва кечки таълим, қўшма таълим дастури ҳамда табақалаштирилган тўлов-контракт бўйича ўқиётганлар ушбу ёрдамдан фойдалана олмайди.
Қанча қисми тўлаб берилади?
Контракт суммасининг 50 фоизигача, бироқ 50 БҲМдан ошмайдиган қисми қоплаб берилиши мумкин. Демак, ҳар бир талабага контрактнинг айнан ярми ёки 50 БҲМ тўланиши кафолатланмаган.
Ариза қачон ва қандай берилади?
Белгиланган электрон шаклда ариза давлат хизматлари маркази, ЯИДХП ёки Ёшлар ягона электрон платформаси орқали берилади. Ушбу ёрдам учун мурожаатлар июль–сентябрь ойларидан ташқари йил давомида қабул қилинади. Аризани «маҳалла еттилиги» белгиланган тартибда кўриб чиқади.
Муҳим: ёрдам ажратиш ҳақида қарор қабул қилинса, маблағ талабанинг қўлига берилмайди — у таълим ташкилотининг банк ҳисобварағига ўтказилади. Тўлов миқдори талаба ижтимоий шартнома шартларини дастлабки ойда қай даражада бажарганига боғлиқ. Шартномада ўқув семестрида ўртача ўзлаштириш кўрсаткичини камида 4 баҳо даражасида сақлаш ва бошқа мажбуриятлар назарда тутилган.
Ҳуқуқий асос: Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 7 июндаги 312-сон қарори, маъмурий регламентнинг 31–33-бандлари.