


Ногиронлиги бўлган шахсларнинг таълим олиш ҳуқуқи
Ногиронлиги бўлган шахслар мактабгача таълимдан олий таълимгача ўқиш, касб эгаллаш ва малакасини ошириш ҳуқуқига эга. Таълим олиш шакли танланганда шахснинг эҳтиёжи ва унга зарур шарт-шароитлар ҳисобга олиниши керак.
Мактаб ва касбий таълим
Ногиронлиги бўлган болалар умумий таълим ташкилотларида таълим олиши мумкин. Зарур бўлганда ихтисослаштирилган таълим муассасасида ўқиш ташкил этилади. Қўшимча таълим, жумладан санъат, спорт ва бошқа машғулотларда иштирок этиш имкониятлари ҳам назарда тутилган.
Бола вақтинча таълим муассасасига қатнай олмаса, соҳавий шифокор тавсияси ва ота-онаси ёки қонуний вакилининг розилиги асосида уйда ўқитиш ташкил этилади. Уйда ўқитиш Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан амалга оширилади. Даволаш ёки реабилитация муассасасида ётган ногиронлиги бўлган бола учун ўқув машғулотлари шу муассасада ташкил этилади.
Олий таълимга қўшимча қабул квотаси
Олий таълим муассасаларига давлат гранти асосида қабул қилинадиган абитуриентлар умумий сонига нисбатан ногиронлиги бўлган шахслар учун қўшимча 2 фоизлик квота ажратилади. Ушбу квота доирасида иштирок этиш ҳуқуқи тегишли таълим ҳужжатига эга I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган абитуриентларга, шунингдек ногиронлиги бўлган болаларга берилади.
Квота имтиҳонсиз қабул дегани эмас: қабул тест ёки тегишли касбий ва ижодий имтиҳон натижасига кўра амалга оширилади. Қўшимча квота бўйича қабул қилинмаган абитуриент ўзи тўплаган балл билан шу йўналишдаги умумий танловда ҳам иштирок этади.
Ариза топширишда нималарга эътибор бериш керак?
Абитуриент одатдаги қабул ҳужжатларига қўшимча равишда ногиронликни тасдиқловчи ҳужжатни тақдим этади. Кириш имтиҳони ўтказиладиган бино ва аудиторияларда зарур шароитлар яратилиши керак. Агар ҳаракатланиш, кўриш, эшитиш ёки бошқа эҳтиёж билан боғлиқ шароит зарур бўлса, бу ҳақда қабул жараёнида олдиндан маълум қилиш мақсадга мувофиқ.
Ҳуқуқий асос: «Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида»ги Қонуннинг 38–41-моддалари; Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 2 июндаги 417-сон қарори билан тасдиқланган низом