Ногиронлик пенсиялари қонунчиликда белгиланган тартибда I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар деб топилган шахсларга, шунингдек Чернобиль АЭСдаги авария туфайли майиб бўлиш ёки касаллик оқибатида III гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар деб топилган шахсларга тайинланади.
- Ногиронлик сабаблари ва гуруҳлари, шунингдек ногиронлик бошланган вақт ва ногиронликнинг қанча муддатга белгиланиши Тиббий-ижтимоий эксперт комиссиялари (ТИЭК) томонидан аниқланади.
Ногиронлик пенсияси ТИЭК томонидан I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар деб топилган, суғурта қилинган ходимларга:
- меҳнатда майиб бўлганлиги ёки касб касаллигига чалинганлиги туфайли — меҳнат фаолиятининг муддатидан қатъи назар;
- бошқа сабаблар туфайли — муддати суғурта қилинган ходимнинг ногиронлик рўй берган вақтдаги ёшига боғлиқ тегишли умумий меҳнат стажига эга бўлган тақдирда тайинланади.
- Пенсия тайинлаш ҳақида мурожаат қилиш
Пенсия тайинлаш масалалари бўйича яшаш жойидаги Пенсия жамғармасининг бўлимларига:
- ишлаётганлар ташкилот маъмурияти орқали;
- деҳқон хўжаликлари аъзолари, якка тартибдаги меҳнат фаолияти билан шуғулланувчилар ариза билан мурожаат қиладилар;
- ишламайдиган фуқаролар аризани мустақил ўзлари яшаш жойидаги Пенсия жамғармаси бўлимига берадилар.
Пенсия тайинлашда тақдим этиладиган ҳужжатлар
Ногиронлик пенсиясини тайинлашни сўраб мурожаат қилган шахснинг аризасига қуйидаги ҳужжатлар илова қилиниши керак:
- иш стажини, шу жумладан махсус иш стажини тасдиқлайдиган ҳужжат;
- иш ҳақи тўғрисидаги маълумотнома.
Зарурат бўлган ҳолларда бошқа ҳужжатлар ҳам талаб этилиши мумкин.
Ногиронлик пенсиясини тайинлаш муддатлари
- пенсия олиш ҳуқуқи пайдо бўлган кундан бошлаб 60 кунгача мурожаат қилинса – ТМЭК томонидан ногиронлик белгиланган кундан бошлаб;
- 60 кунлик мурожаат қилиш муддати ўтказиб юборилган холларда мурожаат қилинган кундан бошлаб тайинланади.
Ногиронлик пенсиялари ТМЭК томонидан белгиланган бутун ногиронлик даври учун тайинланади.
60 ёшдан ошган эркак ва 55 ёшдан ошган аёлларга ногиронлик пенсиялари умрбод тайинланади.
Ана шу ногиронларни қайта тиббий кўрикдан ўтказиш фақат уларнинг аризасига биноан амалга оширилади
Ногиронлик пенсиясини олиш ҳуқуқини берадиган иш стажи
Меҳнатда майибланганда ёки касб касаллигига учраганда бериладиган ногиронлик пенсиялари иш стажидан қатъи назар, тайинланади.
Умумий касаллик туфайли бериладиган ногиронлик пенсиялари ногиронлик бошланган пайтга қадар қуйидагича иш стажига эга бўлган тақдирда тайинланади:
Ёш
|
Иш стажи
|
23 ёшга қадар
|
2
|
23 ёшдан 26 ёшга қадар
|
3
|
26 ёшдан 31 ёшга қадар
|
5
|
31 ёшдан 36 ёшга қадар
|
7
|
36 ёшдан 41 ёшга қадар
|
9
|
41 ёшдан 46 ёшга қадар
|
11
|
46 ёшдан 51 ёшга қадар
|
14
|
51 ёшдан 56 ёшга қадар
|
17
|
56 ёш ва ундан ошганда
|
20
|
20 ёшга тўлгунга қадар умумий касаллик туфайли иш даврида ёки ишлаш тўхтатилганидан кейин ногиронлиги бўлган шахс деб топилган фуқароларга пенсиялар иш стажидан қатъи назар тайинланади.
Меҳнатда майибланганда ёки касб касаллигига учраганда бериладиган ногиронлик пенсиясидан умумий касаллик туфайли бериладиган ногиронлик пенсиясига ўтказилганда зарур стаж ногиронлик дастлаб белгиланган вақтдаги ёшга қараб аниқланади.
- Пенсияни ҳисоблаш тартиби билан танишиш учун қуйидаги ҳаволага ўтинг.
- Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига мурожаат қилиш учун қуйидаги "1140" ишонч телефонларига қўнғироқ қилинг.
- Ўзбекистон Республикаси Халқ банкига мурожаат қилиш учун қуйидаги ҳаволага ўтинг ёки "1106" ишонч телефонларига қўнғироқ қилинг.
Ҳаётий мисол
Савол: В. исмли шахс меҳнатда майибланганлик ёки умумий касаллик сабабли, ногиронликка чиққан фуқарога ногиронлик пенсиясини тайинлаш унинг иш стажига боғлиқ ёки боғлиқ эмаслиги ҳақида сўради.
Жавоб: Меҳнатда майибланганда ёки касб касаллигига учраганда бериладиган ногиронлик пенсиялари иш стажидан қатъи назар, тайинланади.
Умумий касаллик туфайли бериладиган ногиронлик пенсияси эса ногиронлик бошланган пайтга қадар қонунда белгиланган миқдордаги иш стажига эга бўлган шахсларга нисбатан тайинланади. Хусусан, 23 ёшга қадар – 2 йил, 23 ёшдан 26 ёшга қадар – 3 йил, 26 ёшдан 31 ёшга қадар – 5 йил, 31 ёшдан 36 ёшга қадар – 7 йил, 36 ёшдан 41 ёшга қадар – 9 йил, 41 ёшдан 46 ёшга қадар – 11 йил, 46 ёшдан 51 ёшга қадар – 14 йил, 51 ёшдан 56 ёшга қадар – 17 йил, 56 ёш ва ундан ошганда – 20 йил иш стажи бўлиши лозим.