Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олиниши лозим бўлган шахслар — Ўзбекистон Республикаси фуқаролари тоифаларининг РЎйхати:

1. Қонунчиликка мувофиқ олинган уй-жойга эга бўлган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари (бундан буён матнда фуқаролар деб юритилади) — хусусий мулк қилиб олинган уй-жойга.

2. Қариндошлар — ўзларининг тўғри шажара бўйича биринчи ва иккинчи даражадаги қариндошларининг доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олинган уй-жой майдонига ёки хусусий мулки бўлган бошқа уй-жой майдонига.

3. Васийлик ва ҳомийликдаги шахслар ҳамда оилага тарбияга олинган (патронат) болалар — васий (ҳомий), тутинган ота-она доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олинган уй-жой майдонига.

4. Ота-онаси бўлмаган вояга етмаган туғишган ака-ука ва опа-сингиллар, шунингдек меҳнатга қобилиятсиз бўлган ҳамда ўз оиласи бўлмаган вояга етган туғишган ака-ука ва опа-сингиллар — ўзларининг туғишган ака-ука ёки опа-сингиллари доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олинган уй-жой майдонига.

5. Эр (хотин) — хотини (эри) доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олинган уй-жой майдонига.

6. Тошкент шаҳрида доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олинган фуқаролар — улар Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида бошқа манзилга доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олиниш масаласи юзасидан мурожаат этган тақдирда.

7. Тошкент вилоятида доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олинган фуқаролар — улар Тошкент вилоятида бошқа манзилга доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олиниш масаласи юзасидан мурожаат этган тақдирда.

8. Илгари Тошкент шаҳрида ва Тошкент вилоятида доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олинган фуқаролар — доимий яшаш учун тегишинча Тошкент шаҳрига ва Тошкент вилоятига қайтиб келганида.

9. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг палаталари, Ўзбекистон Республикаси Президенти, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан ёхуд Ўзбекистон Республикаси Президенти билан келишилган ҳолда лавозимларга сайланган, тайинланган, тасдиқланган фуқаролар, шунингдек уларнинг оила аъзолари (эри, хотини, шунингдек уларнинг ўз оиласи бўлмаган фарзандлари).

10. Қонунчиликка мувофиқ давлат ҳокимиятининг вакиллик органларига сайланган фуқаролар, шунингдек уларнинг оила аъзолари (эри, хотини, шунингдек уларнинг ўз оиласи бўлмаган фарзандлари).

11. Давлат ҳокимияти органларига, давлат ва хўжалик бошқаруви органларига, республика аҳамиятига молик бошқа давлат ташкилотларига ишга таклиф этилаётган юқори малакали мутахассислар, тор ихтисосликдаги мутахассислар тегишли орган ёки ташкилот раҳбарининг илтимосномасига кўра, шунингдек уларнинг оила аъзолари (эри, хотини, шунингдек уларнинг ўз оиласи бўлмаган фарзандлари).

11-1. Тошкент шаҳрида ва Тошкент вилоятида жойлашган давлат ҳокимияти органларида, давлат бошқаруви органларида, хўжалик бирлашмаларида ва бошқа давлат ташкилотларида беш йил мобайнида узлуксиз меҳнат фаолиятини олиб бораётган мутахассислар (техник, хизмат кўрсатувчи ва ишлаб чиқариш ходимларидан ташқари), шунингдек уларнинг оила аъзолари (эри, хотини, шунингдек уларнинг ўз оиласи бўлмаган болалари).

12. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2007 йил 14 сентябрдаги ПҚ-694-сонли қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг ҳарбий хизматчиларини уй-жой билан таъминлаш тартиби тўғрисидаги низомга мувофиқ уй-жой билан таъминланган ҳарбий хизматчилар, шунингдек уларнинг оила аъзолари (эри, хотини, шунингдек уларнинг ўз оиласи бўлмаган фарзандлари).

Яшаш жойига доимий рўйхатга туриш учун ариза юбориш учун ҳаволага ўтинг.