«Аёллар дафтари» — қўллаб-қувватлашга муҳтож хотин-қизларнинг муаммоларини аниқлаш ва уларни ҳал этиш бўйича юритиладиган маълумотлар базаси. Унга 30 ёшдан ошган хотин-қизлар қуйидаги беш тоифадан бири бўйича киритилади:

  1. ижтимоий ҳимояга муҳтож ишсизлар;
  2. тадбиркорликни бошлаш ёки кенгайтириш истагидагилар;
  3. уй-жой шароитини яхшилашга муҳтожлар;
  4. тиббий ёки психологик ёрдамга муҳтожлар;
  5. ҳуқуқий ёрдамга муҳтожлар.

Бир шахс рўйхатга фақат битта тоифа бўйича киритилади. Мазкур тоифа унинг қайси муаммоси асосий эҳтиёж сифатида белгиланганини кўрсатади.

Қандай мурожаат қилинади?

Хотин-қизлар эҳтиёжи ҳар йили январда уйма-уй ўрганилади. Шу билан бирга, «маҳалла еттилиги»га ёки «Аёллар дафтари» ахборот тизими орқали мурожаат қилиш ҳам назарда тутилган. Сўровнома тўлдирилгандан кейин «маҳалла еттилиги» эҳтиёж тоифасини аниқлайди, рўйхатга киритиш ёки асосланган рад жавобини расмийлаштиради.

Муҳим: яшаш жойи бўйича доимий ёки вақтинча рўйхатда турмаслик «Аёллар дафтари»га киритишни рад этиш учун асос эмас. Хотин-қиз яшаб турган жойи бўйича кўриб чиқилади.

Рўйхатга киритилган ҳар бир аёл учун кўрсатиладиган ёрдам тури, муддати ва миқдори акс этган индивидуал дастур тузилади. Ундаги масалалар тўлиқ ҳал этилмасдан шахсни рўйхатдан чиқаришга йўл қўйилмайди. Чиқариш ҳақидаги қарор қабул қилинса, бу ҳақда 5 кун ичида ёзма хабар берилади.

Ҳуқуқий асос: Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 31 мартдаги 145-сон қарори, 1-илова.