Далолатнома ёзувларини тиклаш деганда илгари шундай ёзув бўлганлигини тасдиқловчи етарли асослар бўлганида йўқолган ёзувларни қайта тиклаб қўйиш тушунилади.
Туғилганлик ҳақидаги далолатнома ёзувини тиклаш
Туғилганлик ҳақидаги далолатнома ёзувлари бу ёзувлар кимга нисбатан тузилган бўлса фақат ана шу шахсларнинг аризасига кўра тикланади.
Агар 16 ёшгача бўлган боланинг туғилиши ҳақидаги ёзув йўқолган бўлса ёзув боланинг ота-онаси, васийси, ҳомийси, болалар муассасаси маъмуриятининг аризасига биноан тикланади.
Агар далолатнома ёзувининг иккала нусхаси ҳам йўқолган бўлса, у ҳолда далолатнома ёзувини тиклаш 16 ёшга тўлган фуқаронинг шахсий аризасига кўра унинг яшаш жойидаги ФҲДЁ органи томонидан амалга оширилади.
Қуйидаги ҳужжатлар тақдим этилади:
- далолатнома ёзувини тиклаш тўғрисида белгиланган намунадаги ариза;
- Агентлик ббошқармаси идоравий ФҲДЁ архивининг ариза берувчининг туғилган жойи бўйича далолатнома ёзувининг йўқлиги ёки йўқолганлиги (йўқолганлик сабаларини кўрсатган ҳолда) ҳақидаги маълумотномаси;
- ариза берувчи паспортининг нусхаси;
- ота-онасининг паспортлари нусхалари, агар ота-онаси вафот этган бўлса, уларнинг ўлими ҳақидаги маълумотномалар;
- никоҳ тузилганлиги ҳақидаги (ота-онасининг ва ўзининг) маълумотномалар;
- ота-оналарининг ҳужжатлари бўлмаганда, ака-укалари, опа-сингилларининг (улар бўлса) туғилганлик тўғрисидаги маълумотномалар.
Никоҳ тузилганлиги ҳақидаги далолатнома ёзувини тиклаш
Никоҳ тузилганлиги ҳақидаги далолатнома ёзувлари бу ёзувлар кимга нисбатан тузилган бўлса фақат ана шу шахсларнинг аризасига кўра тикланади.
Агар далолатнома ёзувининг иккала нусхаси ҳам йўқолган бўлса, у ҳолда далолатнома ёзувини тиклаш 16 ёшга тўлган фуқаронинг шахсий аризасига кўра унинг яшаш жойидаги ФҲДЁ органи томонидан амалга оширилади.
Қуйидаги ҳужжатлар тақдим этилади:
- белгиланган намунадаги ариза;
- ФҲДЁ архивининг никоҳ тузилганлиги ҳақидаги далолатнома ёзуви йўқлиги ёки йўқолганлиги (йўқолиш сабабларини кўрсатган ҳолда) ҳақидаги маълумотномаси;
- паспортларнинг ксеронусхалари (нусхалари);
- болаларининг (улар бўлса) туғилганлиги ҳақидаги гувоҳномалари;
- никоҳ тузилганлиги ҳақидаги далолатнома ёзуви бўлганлигини тасдиқловчи бошқа қўшимча ҳужжатлар.
Ушбу хизматни Давлат хизматлари маркази ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали мурожаат қилиб олиш мумкин.
Кўрсатиладиган хизмат учун тўлов ундирилади.
Далолатнома ёзувларини тиклаш учун етарли асослар бўлмаганда ФҲДЁ органи ариза берувчига рад қилинганлик ҳақидаги асосланган хулоса беради. Ушбу хулоса билан ариза берувчи масалани моҳиятига кўра ҳал этиш учун судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга.
Далолатнома ёзувини тиклаш ҳақидаги ариза ФҲДЁ органи томонидан 1 ой мобайнида кўриб чиқилиши керак.
Узрли сабаблар (далолатнома ёзувини тиклаш учун асосланганликни тасдиқловчи ёзувлар нусхалари ва бошқалар олинмаганлиги) мавжуд бўлганда аризани кўриб чиқиш муддати ФҲДЁ мудири томонидан 1 ойдан кўп бўлмаган муддатга узайтирилиши мумкин ва бу ҳақда ариза берувчига хабар қилинади.
Ёзувни тиклашдан манфаатдор тарафлар ўртасида низо бўлса, ёзувни тиклаш суд тартибида амалга оширилади.