Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш соҳасидаги ваколатлари
  • хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш соҳасидаги ягона давлат сиёсати амалга оширилишини таъминлайди;
  • хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш соҳасидаги давлат дастурларини ва стратегияларни тасдиқлайди;
  • тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчиларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг хавфсизлигини, жисмоний ва руҳий реабилитациясини ҳамда мослашувини таъминлаш бўйича тузилмаларни ташкил этади;
  • хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилишни амалга оширувчи ваколатли органларнинг ҳамкорлигини мувофиқлаштиради.

Маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш соҳасидаги ваколатлари
  • хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш соҳасидаги давлат дастурларини ҳамда стратегияларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишда иштирок этади;
  • хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш соҳасидаги ҳудудий дастурларни ишлаб чиқади, тасдиқлайди ҳамда амалга оширади;
  • хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш соҳасида давлат органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳамда фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари билан ҳамкорлик қилади;
  • хотин-қизларни ҳуқуқий ва ижтимоий-иқтисодий ҳимоя қилиш кафолатларини таъминлаш бўйича чора-тадбирларни амалга оширади.

Ички ишлар органларининг хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш соҳасидаги ваколатлари
  • хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш соҳасидаги давлат дастурларини, ҳудудий дастурларни ҳамда қонунчилик ҳужжатларини ишлаб чиқиш ва амалга оширишда иштирок этади;
  • тазйиқ ва зўравонликнинг олдини олиш, шу жумладан уларнинг сабабларини ҳамда шарт-шароитларини аниқлаш ва бартараф этиш чораларини кўради, хотин-қизларга тазйиқ ўтказаётган ва уларга нисбатан зўравонлик содир этган шахслар билан мунтазам асосда профилактика ишларини олиб боради;
  • хотин-қизларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик содир этилганлиги ёки содир этилиши таҳдиди мавжудлиги тўғрисидаги мурожаатларни кўриб чиқади;
  • тазйиқ ёки зўравонлик содир этишга мойил бўлган шахсга расмий огоҳлантириш беради;
  • ҳимоя ордерини беради;
  • зўравонлик содир этган шахсларни жавобгарликка тортиш юзасидан ўз ваколатлари доирасида чоралар кўради;
  • хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилишни амалга оширувчи тегишли ваколатли органлар ҳамда ташкилотлар билан ҳамкорлик қилади.

Меҳнат органларининг хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш соҳасидаги ваколатлари
  • хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш соҳасидаги давлат дастурларини, ҳудудий дастурларни ҳамда қонунчилик ҳужжатларини ишлаб чиқиш ва амалга оширишда иштирок этади;
  • ишга жойлаштирилмаган хотин-қизларни ҳисобга олиш, уларнинг бандлигини таъминлаш ва уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича чора-тадбирларни амалга оширади;
  • хотин-қизларга нисбатан иш жойларидаги тазйиқ ва зўравонлик ҳолларининг олдини олиш ҳамда хотин-қизлар билан ўзаро муносабатлар маданиятини юксалтириш бўйича мулк шаклларидан қатъи назар ташкилотларда профилактика тадбирларини ўтказади;
  • иш қидираётган ва оғир ижтимоий аҳволда қолган, шу жумладан оилавий муаммоларга ва зўрлик ишлатилишига дуч келган хотин-қизлар бандлигини таъминлаш ва касбга йўналтиришга кўмаклашиш чораларини кўради;
  • хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилишни амалга оширувчи тегишли ваколатли органлар ҳамда ташкилотлар билан ҳамкорлик қилади.

Таълимни давлат томонидан бошқариш органларининг ҳамда таълим муассасаларининг хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш соҳасидаги ваколатлари
  • хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш соҳасидаги давлат дастурларини, ҳудудий дастурлар ҳамда қонунчилик ҳужжатларини ишлаб чиқиш ва амалга оширишда иштирок этади;
  • хотин-қизларни мажбурий меҳнатга ва ғайриижтимоий хулқ-атворга жалб қилиш ҳоллари аниқланганлигига доир фактлар тўғрисида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга хабар қилади;
  • таълим муассасаларида таҳсил олувчилар орасидан хотин-қизларга нисбатан тазйиқ ўтказиш ва зўравонлик содир этишга мойил шахсларни аниқлайди ҳамда уларнинг хулқ-атворини тузатиш, шунингдек тазйиқ ва зўравонликдан жабрланганларни ижтимоий реабилитация қилиш ҳамда мослаштириш бўйича чора-тадбирларни амалга оширади;
  • таълим муассасаларида бўш вақтни мазмунли ўтказишни таъминлаш мақсадида тадбирлар ташкил этади;
  • хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилишни амалга оширувчи тегишли ваколатли органлар ҳамда ташкилотлар билан ҳамкорлик қилади.

Давлат соғлиқни сақлаш тизимини бошқариш органларининг ҳамда соғлиқни сақлаш муассасаларининг хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш соҳасидаги ваколатлари
  • хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш соҳасидаги давлат дастурларини, ҳудудий дастурларни ва қонунчилик ҳужжатларини ишлаб чиқиш ҳамда амалга оширишда иштирок этади;
  • тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчиларга ҳамда уларнинг болаларига, шу жумладан аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш марказларига келтирилган тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчиларга ҳамда уларнинг болаларига бирламчи тиббий ёрдам кўрсатиш, уларни тиббий кўрикдан ўтказиш, шунингдек тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчиларни бепул даволаш чора-тадбирларини амалга оширади;
  • тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчиларга тиббий ва руҳий ёрдам кўрсатиш юзасидан услубий тавсиялар ишлаб чиқади ҳамда уларни соғлиқни сақлаш муассасаларининг иш амалиётига жорий этади;
  • ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларни хотин-қизларнинг ҳаётига ёки соғлиғига хавф солувчи фактлар ва аниқланган сабаблар тўғрисида хабардор қилади;
  • хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилишни амалга оширувчи тегишли ваколатли органлар ҳамда ташкилотлар билан ҳамкорлик қилади.

Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитасининг хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш соҳасидаги ваколатлари
  • хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш соҳасидаги давлат дастурларини, ҳудудий дастурларни ва қонунчилик ҳужжатларини ишлаб чиқиш ҳамда амалга оширишда иштирок этади;
  • хотин-қизларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик ҳолатларига олиб келадиган сабаблар ҳамда шарт-шароитларни аниқлаш бўйича тадбирларда иштирок этади ва бундай ҳолатларни бартараф этиш юзасидан амалий чоралар кўради;
  • зўравонликдан жабрланганларни реабилитация қилиш ва мослаштириш марказларида ижтимоий реабилитация қилишга ҳамда ўз жонига қасд этишнинг олдини олишга доир тадбирлар ўтказади;
  • хотин-қизларга нисбатан тазйиқ ўтказганлиги ва зўравонлик содир этганлиги учун профилактик ҳисобда турадиган шахслар билан якка тартибдаги профилактика тадбирларини ўтказишда иштирок этади;
  • низоли вазиятларни профилактика қилишга, тазйиқ ва зўравонликнинг олдини олишга доир дастурлар ҳамда услубий тавсияларни ишлаб чиқади ва амалга оширади.
  • хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилишни амалга оширувчи тегишли ваколатли органлар ва ташкилотлар билан ҳамкорлик қилади.

Фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг, нодавлат нотижорат ташкилотларининг ва фуқаролик жамияти бошқа институтларининг хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилишда иштирок этиши
  • хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш соҳасидаги давлат дастурларини, ҳудудий ҳамда бошқа дастурларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишда иштирок этиши;
  • хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилишга доир тадбирларни амалга оширишда давлат органларига кўмаклашиши;
  • хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунчилик ижроси устидан жамоатчилик назоратини амалга ошириши;
  • хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунчиликни ҳамда мазкур соҳада ҳуқуқни қўллаш амалиётини такомиллаштириш юзасидан таклифлар киритиши;
  • хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилишни амалга оширувчи тегишли ваколатли органлар ҳамда ташкилотлар билан ҳамкорлик қилиши мумкин.
  • Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари хотин-қизларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга, уларнинг ижтимоий ҳаётдаги, оилада маънавий-ахлоқий муҳитни шакллантиришдаги, ёш авлодни тарбиялашдаги ролини оширишга қаратилган чора-тадбирлар кўради.

Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилишни амалга оширувчи ваколатли органлар ҳамда ташкилотларнинг ҳамкорлиги
  • аниқланган тазйиқ ва зўравонлик фактлари тўғрисида ўзаро бир-бирини хабардор қилиш;
  • тазйиқ ва зўравонлик ҳолатларига муносабат билдириш чораларини келишиш ҳамда тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчиларга амалий ёрдам кўрсатиш;
  • тазйиқ ва зўравонликни бартараф этиш ҳамда уларга қарши курашиш ва тажриба алмашиш соҳасидаги чора-тадбирларни биргаликда амалга ошириш;
  • тазйиқ ва зўравонликни бартараф этиш ҳамда уларга қарши курашиш соҳасидаги тадбирларни амалга оширадиган мутахассисларни тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш;
  • хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунчиликка риоя этилиши юзасидан мониторингни амалга ошириш, қонунчиликни ва уларнинг қўлланилиш амалиётини такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш.

Хотин-қизларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик ҳолатларининг олдини олиш, уларни аниқлаш ҳамда уларга чек қўйишнинг умумий чора-тадбирлари
  • хотин-қизларга нисбатан тазйиқ ва зўравонликнинг олдини олиш соҳасидаги давлат дастурларини, ҳудудий ва бошқа дастурларни ишлаб чиқиш ҳамда амалга ошириш;
  • тазйиқ ва зўравонликнинг сабаблари ҳамда шарт-шароитлари бўлган омилларни таҳлил қилиш, ўрганиш ва баҳолаш;
  • аҳоли ўртасида ҳуқуқий тарғибот олиб бориш;
  • хотин-қизларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик ҳолларининг статистик ҳисоби ва ҳисоботини юритиш ҳамда уларни давлат статистика органларига тақдим этиш;
  • фуқароларни, айниқса хотин-қизларни ўз ҳуқуқлари, эркинликлари ва мажбуриятлари тўғрисидаги, шунингдек ҳимоя қилиш кафолатлари ҳақидаги ахборот билан таъминлаш мақсадида ахборот-маърифий фаолиятни амалга ошириш;
  • хотин-қизларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик ҳолатларини аниқлашнинг самарали ҳуқуқий механизмларини жорий этиш;
  • тазйиқ ва зўравонлик содир этиш хавфи бўлган гуруҳларга мансуб шахсларга ёки уларни содир этган шахсларга нисбатан олдини олиш чораларини амалга ошириш;
  • тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчиларга ёрдам кўрсатишга ва уларни ҳимоя қилишга доир тадбирларни амалга ошириш;
  • хотин-қизларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик содир этган ёки содир этишга мойил бўлган шахсларга нисбатан таъсир кўрсатиш чораларини қўллаш;
  • айбдорларни қонунда белгиланган жавобгарликка тортиш.