Мажбурий жамоат ишлари маҳкумни ҳақ тўланмайдиган фойдали жамоат ишларини бажаришга мажбурий тарзда жалб қилишдан иборатдир. Маҳкум ишлаётган ёки ўқиётган бўлса, мажбурий жамоат ишлари ишдан ёки ўқишдан бўш вақтда ўталади.
Маҳкумлар мажбурий жамоат ишларини ўташи мумкин бўлган жойлар (объектлар) ва мажбурий жамоат ишларининг тури мазкур жазонинг ижросини назорат қилувчи органлар томонидан белгиланади.
Мажбурий жамоат ишлари 120 соатдан 480 соатгача бўлган муддатга тайинланади ва олти ой давомида кунига 4 соатдан кўп бўлмаган вақтда, маҳкумга боғлиқ бўлмаган ҳолатлар юзага келган тақдирда эса, бир йилгача бўлган муҳлатда кунига тўрт соатдан кўп бўлмаган вақтда ўталади.
Мажбурий жамоат ишлари пенсия ёшига етган шахсларга, 16 ёшга тўлмаган шахсларга, ҳомиладор аёлларга, 3 ёшга тўлмаган болалари бор аёлларга, биринчи ва иккинчи гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларга, ҳарбий хизматчиларга, чет эл фуқароларига ва Ўзбекистон Республикасида доимий яшамайдиган шахсларга нисбатан қўлланилмайди.