- Оилавий муносабатлар ҳамда болалар тарбияси соҳасида хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятларни таъминлаш мақсадида қуйидаги тадбирлар амалга оширилади:
- оилани мустаҳкамлаш, оилавий муносабатларда барча оила аъзоларининг масъуллигини ошириш, бирон-бир шахснинг оила масалаларига ўзбошимчалик билан аралашишига йўл қўймаслик бўйича амалдаги механизмларни такомиллаштириш;
- эрта никоҳ, яқин қариндошлар ўртасидаги никоҳ, эрта туғруқ, оилавий ажралишларнинг юзага келиш сабаблари ҳамда шарт-шароитларини таҳлил қилиш, бу борада илмий, амалий ҳамда фундаментал тадқиқотларни қўллаб-қувватлаш;
- асрлар давомида шаклланган миллий қадриятлар, ижобий урф-одатлар ва анъаналар асосида оилаларни мустаҳкамлаш, оилавий ажралишларнинг олдини олишда давлат органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари ўртасида ижтимоий шериклик муносабатларини мустаҳкамлаш;
- оилавий муносабатларда хотин-қизлар ва эркакларнинг ўрни ҳақида жамиятда шаклланган салбий қарашларни ўзгартириш, бу борада оммавий ахборот воситалари иштирокида тарғибот-ташвиқот ишларини қўллаб-қувватлаш;
- илғор хорижий тажрибани ҳисобга олган ҳолда болаларни ҳар томонлама интеллектуал, ахлоқий, эстетик ва жисмоний ривожлантиришда хотин-қизлар билан бир қаторда эркакларнинг масъулияти ҳамда ролини ошириш;
- оилавий ҳаётга оид муаммолар, психологик-педагогик, ҳуқуқий ва бошқа масалалар юзасидан хотин-қизлар ва эркаклар учун маслаҳатлар бериш тизимини янада такомиллаштириш;
- оилаларни ёшларнинг ахлоқий негизларини бузишга олиб келадиган, оилавий қадриятларни инкор этадиган, ахлоқсизликни тарғиб қиладиган, шунингдек ота-онасига ва оиланинг бошқа аъзоларига нисбатан ҳурматсизлик муносабатини шакллантирадиган, жинслардан бирининг устунлиги ғоясига асосланган нотўғри тасаввурлардан ҳимоя қилиш;
- хотин-қизлар ва эркакларнинг оилавий муносабатлардаги ҳуқуқлари, эркинликлари ва мажбуриятлари тўғрисида ахборот-маърифий фаолият самарадорлигини ошириш.