Суд муҳокамаси ишни суд муҳокамасига тайёрлаш тўғрисидаги ажрим чиқарилган кундан эътиборан 1 ойдан ошмаган муддатда тугалланиши керак.
Алоҳида ҳолларда, суд муҳокамасининг муддати суд раиси томонидан 1 ойдан ошмаган муддатга узайтирилиши мумкин.
- Сайлов комиссиясининг хатти-ҳаракатлари (қарорлари) устидан берилган шикоят суд томонидан шикоят берилган кундан эътиборан уч кундан кечиктирмай кўриб чиқилиши, агар сайловга олти кундан кам вақт қолган бўлса, дарҳол кўриб чиқилиши лозим.
- Шикоят суд томонидан аризачини ва тегишли сайлов комиссиясининг вакилини, шунингдек, прокурорни, агар шикоят аризачига эмас, балки бошқа фуқарога дахлдор бўлса, ўша шахсни ҳам чақирган ҳолда кўриб чиқилади. Бу шахсларнинг келмаслиги ишни кўриб чиқишга тўсқинлик қилмайди.
- Суднинг ҳал қилув қарори чиқарилиши биланоқ дарҳол тегишли сайлов комиссиясига ва аризачига топширилади.
Иш муҳокамаси суд мажлисида амалга оширилади. Суднинг мажлиси видеоконференцалоқа режимида ўтказилиши мумкин.
Суд ташаббусига кўра ёки маъмурий суд ишларини юритиш иштирокчиларининг илтимосномасига кўра суд мажлисининг аудио- ёки видеоёзуви амалга оширилиши мумкин.
- Ишда иштирок этувчи шахслар ва одил судловни амалга оширишга кўмаклашувчи шахслар видеоконференцалоқа режимидаги суд мажлисида иштирок этишга ҳақли.
- Видеоконференцалоқа режимидаги суд мажлисида шахсларнинг иштирок этиш ҳуқуқи ҳақида ишни суд муҳокамасига тайёрлаш тўғрисидаги ажримда кўрсатилиб, ажрим ишда иштирок этувчи шахсларга, одил судловни амалга оширишга кўмаклашувчи шахсларга ҳамда уларнинг бундай мажлисда иштирок этишига кўмаклашадиган тегишли судга юборилади.
- Видеоконференцалоқа режимидаги суд мажлисини ўтказишга кўмаклашадиган суд ишда иштирок этувчи шахсларнинг ва одил судловни амалга оширишга кўмаклашувчи шахсларнинг вакиллари ваколатларини тасдиқловчи ишончномалар, шунингдек суд мажлисида тақдим этилган далиллар ишни кўраётган судга юборилишини таъминлайди.
Ишда иштирок этувчи шахсларнинг янги далилларни талаб қилиб олиш тўғрисидаги ҳамда иш муҳокамаси билан боғлиқ бошқа барча масалалар бўйича аризалари ва илтимосномалари ишда иштирок этувчи бошқа шахсларнинг фикрлари суд томонидан эшитиб бўлинганидан кейин ҳал қилинади.
Ишда иштирок этувчи шахсларнинг аризалари ва илтимосномаларини кўриш натижалари бўйича ажрим чиқарилади.
Суднинг ишда иштирок этувчи шахсларнинг аризалари ва илтимосномаларини қаноатлантириш тўғрисидаги ёки қаноатлантиришни рад этиш ҳақидаги хулосалари ишни кўриш натижалари бўйича чиқарилган суд ҳужжатида баён қилиниши мумкин.