Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Мутахассисларни хорижда тайёрлаш ва ватандошлар билан мулоқот қилиш бўйича «Эл-юрт умиди» жамғармаси ташкил этилган.
Жамғарманинг вазифалари ва ҳуқуқлари билан танишинг.
Хорижда магистратура ва докторантура дастурлари бўйича таълим олиш, малака ошириш ва стажировка ўташга қабул қилиш фақат Ўзбекистон Республикаси фуқаролари учун ҳамда қабул ва танлаб олишнинг ягона қоидалари асосида амалга оширилади.
Танловларда қуйидаги шахслар иштирок этиши мумкин эмас:
- магистратура дастурлари бўйича — 23 ёшдан кичик ва 40 ёшдан катта бўлган, шунингдек, илгари ўхшаш мутахассислик бўйича хорижда магистратурада таҳсил олганлар;
- докторантура дастурлари бўйича — 25 ёшдан кичик ва 45 ёшдан катта бўлган, шунингдек, аввал PhD ёки фан доктори илмий даражасини олганлар;
- малака ошириш ва стажировка ўташ дастурлари бўйича — 25 ёшдан кичик ва 50 ёшдан катта бўлган, шунингдек, Жамғарма дастурларидан бири асосида сўнгги уч йил мобайнида хорижда таълим олганлар;
- хорижда таълим олиш учун танланган мутахассислик бўйича 2 йилдан кам меҳнат тажрибасига, шу жумладан педагогик стажга эга бўлганлар;
- давлат ҳокимиятининг сайлаб қўйиладиган органларида фаолият юритаётганлар;
- оғир ёки ўта оғир жиноятларни содир этганлик учун судланганлиги тугалланмаган ёхуд судланганлиги олиб ташланмаганлар.
Жамғарма стипендиялари:
- хорижий таълим ва илмий муассасаларда малака оширишга — 2 ойгача муддатга;
- хорижий илмий, таълим, ижод муассасалари, давлат идоралари, корхона ва бошқа ташкилотларда стажировка ўташга — 6 ойгача муддатга;
- етакчи хорижий олий таълим ва илмий муассасаларда магистратура дастури асосида таълим олишга — 1-2 йил мобайнида, докторантура дастури бўйича — 1 - 4 йил мобайнида.
Хорижда таълим олишга номзодлар қуйидаги ҳужжатларни тақдим қиладилар:
- тегишли намунадаги маълумотнома-объективка (анкета);
- таълим олиш шакли ва йўналиши кўрсатилган ҳолда белгиланган намунадаги комиссия раиси номига ариза;
- белгиланган намунадаги 2 та фотосурат;
- олий таълим муассасасини тугатганлигини, шунингдек, илмий даражасини (фан номзоди, PhD ва фан доктори.), илмий унвонини (катта илмий ходим, доцент, профессор) тасдиқловчи дипломларнинг нусхаси;
- меҳнат дафтарчаси нусхаси (меҳнат стажи бўлганда);
- паспорт нусхаси;
- белгиланган намунадаги тиббий маълумотнома;
- чет тилидан билим даражасини белгиловчи амалдаги миллий ёки халқаро сертификат (Миллий квалификация сертификати, IELTS, TOEFL ва шу кабилар), агар мавжуд бўлса.
- судланмаганлиги тўғрисидаги маълумотнома.
Магистратура ёки докторантура дастури бўйича Хорижда таълим олган стипендиатга, олий таълим ёки илмий муассасада, шунингдек, вазирликлар, идоралар ва бошқа давлат ташкилотларида эгаллаган мутахассислиги бўйича 5 йилдан кам бўлмаган муддатда узлуксиз ишлаб бериш мажбурияти юкланади.
Батафсил маълумотни Жамғарма сайти орқали ҳам олишингиз мумкин.