Судьялар малака ҳайъатлари фаолияти Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг 2001 йил 7 декабрда қабул қилинган 323-II-сонли қарори билан тасдиқланган "Судьяларнинг малака ҳайъатлари тўғрисида"ги низом билан тартибга солинади

Судьяларнинг малака ҳайъатлари қуйидаги масалаларни кўриб чиқиш учун тузилади
  • судьянинг интизомий жавобгарлиги;
  • судьянинг ваколатларини тўхтатиб туриш ёки муддатидан илгари тугатиш;
  • судьянинг дахлсизлигини таъминлаш;
  • судьяга малака даражасини бериш;
  • халқ маслаҳатчиларини танлаш ва уларнинг сайловини ўтказиш бўйича ишларни ташкил қилиш;
  • судьялик қасамёди ва судьялар одоб-ахлоқи қоидаларига риоя этилиши устидан назорат қилиш.

Судьяларнинг малака ҳайъатлари Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгашининг зиммасига юклатилган вазифаларни бажаришида унга кўмаклашади.

Судьялар олий малака ҳайъати Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми томонидан беш йил муддатга сайланади.

Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий суди, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари судьяларининг малака ҳайъатлари тегишли судлар судьяларининг конференцияларида беш йил муддатга сайланади.

Судьялар малака ҳайъатларининг фаолиятини ташкил этиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси томонидан тасдиқланадиган низом билан белгиланади.

Судьяларнинг интизомий жавобгарлиги тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш тартиби

«Судлар тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 73-моддасига мувофиқ, судья қуйидаги ҳолларда фақат судьялар малака ҳайъатининг қарорига кўра интизомий жавобгарликка тортилиши мумкин
  • одил судловни амалга ошириш чоғида қонунийликни бузганлиги учун;
  • суд ишини ташкил этишдаги бепарволиги ёки интизомсизлиги оқибатида йўл қўйган камчиликлари учун, шунингдек судьялик шаъни ва қадр-қимматига доғ туширадиган ҳамда суднинг обрўсини туширадиган қилмиш содир этганлиги учун;
  • судьялар одоб-ахлоқи қоидаларини бузганлиги учун.

Суд қарори бекор қилинишининг ёки ўзгартирилишининг ўзи ушбу қарорни чиқаришда иштирок этган судьянинг, агар у атайлаб қонунни бузмаган бўлса ёхуд жиддий оқибатларга олиб келган виждонсизликка йўл қўймаган бўлса, жавобгарлигига сабаб бўлмайди.