Судьялар ҳуқуқлари
- мансабдор шахслар ва фуқаролардан одил судловни амалга ошириш билан боғлиқ бўлган ўз фармойишларининг бажарилишини талаб қилиш;
- мансабдор ва бошқа шахслардан одил судловни амалга ошириш учун зарур бўлган ахборот олиш;
- уюшмаларга бирлашиш ҳуқуқига эга.
- Судьялар қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.
Давлат органлари, мансабдор шахслар, жамоат бирлашмалари, бошқа юридик ва жисмоний шахслар судьяларнинг одил судловни амалга ошириш билан боғлиқ бўлган талаб ва фармойишларини сўзсиз бажаришлари шарт. Одил судловни амалга ошириш учун зарур бўлган ахборот, ҳужжатлар ва уларнинг нусхалари судьяларнинг талабига мувофиқ бепул берилади. Судьяларнинг талаблари ва фармойишларини бажармаслик қонунда белгиланган жавобгарликка сабаб бўлади.
Судьяларнинг мажбуриятлари
- Судьялар ўз ваколатлари доирасида ишларни кўриш чоғида Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ва бошқа қонунларига сўзсиз риоя этиши, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, шаъни, қадр-қиммати ва мол-мулки, корхоналар, муассасалар ва ташкилотларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонун билан қўриқланадиган манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлаши, беғараз ва адолатли бўлиши шарт.
- Судьялар судьялик шаънини судьялар одоб-ахлоқи қоидаларини қатъий сақлашлари, одил судловнинг обрўсини, судьялик қадр-қимматини тушириши ёки судьянинг холислигига шубҳа туғдириши мумкин бўлган хатти-ҳаракатлардан ўзларини тийишлари шарт.
- Судьялар судьяларнинг маслаҳат сирини ҳамда ёпиқ суд мажлислари ўтказиш чоғида олинган маълумотларни ошкор қилишга ҳақли эмас.
- Судьялар сенатор, давлат ҳокимияти вакиллик органларининг депутати бўлиши мумкин эмас.
- Судьялар сиёсий партияларнинг аъзоси бўлиши, сиёсий ҳаракатларда иштирок этиши, шунингдек илмий ва педагогик фаолиятдан ташқари ҳақ тўланадиган бошқа бирон-бир турдаги фаолият билан шуғулланиши мумкин эмас.
Судьяларнинг интизомий жавобгарлиги
- одил судловни амалга ошириш чоғида қонунийликни бузганлиги учун;
- суд ишини ташкил этишда бепарволиги ёки интизомсизлиги оқибатида йўл қўйган камчиликлари учун, шунингдек судьялик шаъни ва қадр-қимматига доғ туширадиган ҳамда суднинг обрўсини туширадиган қилмиш содир этганлик учун;
- судьялар одоб-ахлоқи қоидаларини бузганлиги учун фақат судьялар малака ҳайъатининг қарорига кўра интизомий жавобгарликка тортилиши мумкин.
Суд қарорининг бекор қилиниши ёки ўзгартирилишининг ўзи, суд қарорини чиқаришда қатнашган судьянинг, агар у атайлаб қонун бузилишига ёки жиддий оқибатларга олиб келган виждонсизликка йўл қўймаган бўлса, жавобгар бўлишига сабаб бўлмайди.
Судьяларни интизомий жавобгарликка тортиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси томонидан тасдиқланадиган низом билан белгиланади.