Қарорга мувофиқ қуйидагилар белгиланди:
- асосий воситаларни харид қилиш ва капитал таъмирлаш билан боғлиқ харажатларни жорий йилнинг 1 июлига қадар тўхтатиш (молиялаштириш бошланган чора-тадбирлар бундан мустасно) ва ушбу мақсадлар учун II чоракда режалаштирилган маблағларни қисқартириш ёки 2020 йилнинг иккинчи ярим йиллигига ўтказиш;
- коммунал хизматлар, озиқ-овқат, қоғоз ва бошқа канцелярия товарлари харид қилиш, тадбирлар ўтказиш, жорий таъмирлаш ва бошқа харажатларни қисқартириш;
- Ўзбекистон Республикаси ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастури доирасида амалга оширилаётган қурилиш-монтаж ишларини молиялаштириш ҳажмини жорий йилнинг II чорагида 3,0 трлн сўмдан оширмаслик бўйича амалий чораларни кўриш;
- Иқтисодий тарақкиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги тегишли вазирлик ва идоралар ҳамда маҳаллий ҳокимликлар билан биргаликда мақбуллаштирилган маблағлар ҳисобига 2020 йилда Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастуридан чиқариладиган лойиҳаларнинг манзилли рўйхатини шакллантириш.
Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, суд ва прокуратура органлари, вазирликлар ва идораларнинг солиқлар, мажбурий йиғимлар, божлар ва жарималар ҳисобидан жамланадиган бюджетдан ташқари жамғармалари ҳисобида жорий йил 16 апрель ҳолатига мавжуд қолдиқ маблағлари, шу жумладан, тижорат банкларидаги депозит ҳисоб-рақамидаги миллий ва хорижий валютадаги қолдиқ маблағларининг 50 фоизини Ўзбекистон Республикаси республика бюджетига ўтказиш белгиланди.