Асосий тушунча

Қимматбаҳо металлардан ва тошлардан ясалган буюмлар билан чакана савдони рўйхатдан ўтган юридик шахслар амалга оширади.

Қимматбаҳо металлардан ва тошлардан ясалган товарларни сотиш фақат ихтисослаштирилган заргарлик дўконлари, универмаглар, савдо марказларининг бўлимлари, секцияларида амалга оширилади.

Дўконлар ва бўлимларда қуйидагилар мавжуд бўлиши шарт:

  • “Ўзстандарт” агентлигининг давлат текширувчилари текширган биринчи ёки иккинчи класс аниқликдаги торозилар;
  • гардиш ўлчагичлар;
  • бармоқ ўлчагичлар;
  • пробани аниқлаш учун реактивлар.

Заргарлик буюмларини жойлаштириш

Ихтисослаштирилган заргарлик дўконларида, универмаглар, савдо марказларининг бўлимлари ва секцияларида харидорларга қимматбаҳо металлардан ва тошлардан ясалган буюмларни кўрсатиш қулай бўлиши керак.

Харидорларга қулай бўлиши учун заргарлик зеб-зийнатлар, столни тузаш буюмлари ва бошқа буюмлар вазифаси ва хилига кўра гуруҳларга ажратилади.

Харидорларга тақдим этиладиган маълумотлар

Савдо залларида харидорлар учун зарур бўлган қуйидаги маълумотлар кўзга кўринарли жойга осиб қўйилиши керак:

  • қимматбаҳо металлардан ва тошлардан ясалган буюмлар учун Ўзбекистон Республикасида белгиланган пробалар тўғрисидаги ахборот;
  • қимматбаҳо металлардан ва ясалган буюмни тамғалаш тартиби тўғрисидаги норматив ҳужжатдан кўчирмалар;
  • проба тамғалари тасвири, чакана савдо корхонаси Давлат пробани аниқлаш палатасида рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳнома.

Қимматбаҳо металлардан ва тошлардан ясалган буюмларда уларни тайёрлаганларнинг тамғалари ва Давлат пробани аниқлаш палатасининг проба тамғалари бўлсагина сотилади.

Чет элдан келтирилган хорижда ишлаб чиқарилган буюмларда ҳам Давлат пробани аниқлаш палатасининг тамғаси бўлиши шарт.

Сотувга қўйилган маҳсулот ҳақидаги очиқ маълумот

Сотувга қўйилган қимматбаҳо металлардан ва тошлардан ясалган буюмларда маҳсулотнинг номи, тайёрловчи, артикул, проба, 1 грамм маҳсулотнинг массаси ва нархи, сотувга қўйилган буюмларнинг тури, хусусияти, буюмнинг массаси ва чакана нархи кўрсатилган ҳолда пломбаланган ёрлиқлар бўлиши керак.

Қимматбаҳо металлардан ва тошлардан ясалган заргарлик буюмлари ва бошқа маиший буюмлар тамғаланмайди, лекин уларда сифат сертификати бўлиши керак.

Харидорга хизмат кўрсатиш

Сотувчи қимматбаҳо металлардан ва тошлардан ясалган буюмларни танлашда харидорга малакали ёрдам бериши ва уни зарур маслаҳат билан таъминлаши, харидорни сотувдаги мавжуд намуналар билан таништириши керак.

Харидор хоҳишига кўра сотувчи-ходим харидор танлаган қимматбаҳо тошлардан тайёрланган буюмни дўкон иш кунининг охиригача сақлаб туришга мажбур.

Қимматбаҳо металлардан ва тошлардан ясалган безаклар якка тартибда ўраб-жойланган бўлиши керак.

Сотувчи қўшимча товарлар сотишни ташкил этиши ва харидорга қўшимча хизматлар комплексини кўрсатиши мумкин (ўйма нақш солиш, олдиндан буюртма қабул қилиш, совғани етказиб бериш ва топшириш, чиройли қилиб ўраб-жойлаш ва хизматларнинг бошқа шакллари).

Заргарлик буюмидаги камчиликларни бартараф этиш

Қимматбаҳо металлардан ва тошлардан ясалган буюмлар алмаштирилмайди ва қайтариб олинмайди.

Қуйидаги ҳоллар бундан мустасно:

  • чакана савдо корхонаси қайд этмаган нуқсонлар (зиракка тошлар, илгакларнинг, билакузукка шарнирли бирикмаларнинг сифатсиз маҳкамланганлиги, ёрлиқлар, ушалган жойлар, тирналган жойлар, ғудурлар ва бошқа нуқсонлар) аниқланганда;
  • давлат проба тамғаси муҳрининг заргарлик қотишмаси амалдаги пробасига мос келмаганда;
  • буюм хусусиятининг пломбаланган ёрлиқ маълумотларига мос келмаганда.

Ушбу нуқсонлар аниқланганда харидор харид қилинган кундан бошлаб 6 ой ичида харид нархи тегишлича қайта ҳисобланган ҳолда ана шундай буюмларга ёки бошқа буюмларга алмаштиришга ёхуд нуқсонларни текин бартараф этилиши ёки харид нархи мутаносиб равишда камайтирилишини талаб қилишга ҳақли.

Шунингдек, харидор зарар қопланган ҳолда олди-сотди шартномасини бекор қилишга ҳам ҳақли.

Харидорнинг кўрсатиб ўтилган талаблари товар чеки тақдим этилгандан кейин кўриб чиқилади.

Қимматбаҳо металлардан ва тошлардан ясалган буюмларни сотиш

Алмаштириш ёки нуқсонларни текин бартараф этиш муддати бузилганда сотувчи неустойка тўлаши шарт.

Сифатга оид нуқсон масаласида келишмовчилик бўлганда сотувчи қимматбаҳо металлардан ва тошлардан ясалган буюмни мустақил экспертиза ўтказиш учун Давлат пробани аниқлаш палатасига юборишга мажбур.

Харидор экспертиза ўтказишда қатнашишга ҳақли.

Қимматбаҳо металлардан ва тошлардан ясалган буюмлар учун тўланган нақд пул назорат-касса машиналари орқали қабул қилинади.

Қимматбаҳо металлардан ва тошлардан ясалган сотилган буюм учун харидорга касса чеки ҳамда савдо ташкилоти қайди қўйилган ва сотувчи-ходим имзолаган товар чеки нусхаси берилади.

Товар чеки нусхасида буюмнинг номи, артикули, нархи ва сотиш санаси, сотувчи-ходимнинг имзоси ва савдо корхонаси штампи кўрсатилади.

Сотувчинниг харидор олдида жавобгарлиги

Сотувчи қимматбаҳо металлардан ва тошлардан ясалган буюмларни сотиш қоидаларини бузганлиги учун харидор олдида жавоб беради.

Аҳолидан заргарлик буюмларини сотиб олиш

Қимматбаҳо металлар, тошлар синиқларини ва улардан ясалган буюмларни аҳолидан сотиб олувчилар Давлат пробани аниқлаш палатаси белгилаган тартибда рўйхатдан ўтказиш гувоҳномасига эга бўлиши керак.

Заргарлик буюмларини қайта ишлаш ва тайёрлаш учун Давлат пробани аниқлаш палатасинниг тартибда рўйхатдан ўтказиш гувоҳномасига эга бўлиш керак.

Сотиб олиш пунктлари аҳолидан заргарлик (қимматбаҳо) буюмларини сотиб олиши

Сотиб олинган бойликларнинг ҳақи тўлангандан кейин қимматли бойликлар сотувчига қайтарилмайди.

Сотиб олиш пунктлари аҳолидан шартнома асосида қуйидагиларни сотиб олади:

  • қимматбаҳо металлар (олтин, платина, палладий ва кумуш) ва улардан ясалган буюмларни;
  • қимматбаҳо ва ярим қимматбаҳо тошларни;
  • монеталарни (олтин, платина ва кумуш тангаларни);
  • корпусига олтин қопланган мамлакатимизда ишлаб чиқарилган ва импорт соатларни;
  • кумуш гардишли чинни ва биллур буюмларни.

Бойликларни тарозида тортиш

Бойликларни тарозида тортиш қуйидаги аниқликда бўлиши керак:

  • олтин, платина, палладий ва ушбу металлардан ясалган буюмлар учун — 0,01 граммгача;
  • кумуш ва кумушдан ясалган буюмлар учун — 0,1 граммгача;
  • гардишсиз қимматбаҳо тошлар учун — 0,01 каратгача;
  • ярим қимматбаҳо тошлар учун — 0,01 граммгача;
  • ишлов берилган тошлар учун — 0,1 граммгача.

Харид қилиш пайтида буюмдан олиш мумкин бўлмаган ёки буюмдан олиш мақсадга мувофиқ бўлмаган барча қимматбаҳо тошлар каратомер бўйича 0,1 каратгача аниқликда аниқланади.

Бойликларни сотиб олиш ва сотишни расмийлаштириш

Бойликларни харид қилиш операциялари бойликларнинг эгаси иштирокида амалга оширилади (пробани аниқлаш, тортиш, штифт, канифолни йўқотиш ва бошқалар).

Бойликларнинг нархи сотувчи билан келишилгандан кейин сотиб олувчи товаршунос
4 нусхада квитанция ёзади, квитанцияни сотиб олувчи товаршунос ва сотувчи имзолайди.

Сотиб олиш тақиқланган товарлар
  • техник олмослар;
  • ишлов берилмаган қимматбаҳо ва ярим қимматбаҳо тошлар;
  • соф ҳолдаги, шлих, пластиналардаги, сим ва қум шаклидаги олтин, кумуш платина ва платина гуруҳига кирувчи металлар (палладий, иридий, родий, рутиний ва осмий);
  • ишлаб чиқариш учун мўлжалланган олтин, платина, паладий ва кумушдан ясалган буюмлар (перчинлар, платинали лаборатория шиша идишлари ва анжомлари — тигллар, косачалар, тигл қопқоқлари, электродлар, шпателлар, синов найчалари, термал конверторлар, платина ва платина родийли қотишмаларидан тайёрланган термоўзгартиргичлар ва бошқалар);
  • давлат, нодавлат ва нотижорат ташкилотларининг қимматбаҳо буюмлари.