Бутун ер участкасига ёки унинг бир қисмига эгалик қилиш ҳуқуқи ёхуд ундан доимий ёки муддатли фойдаланиш ҳуқуқи, шунингдек ер участкасини ижарага олиш ҳуқуқи қуйидаги ҳолларда бекор қилинади:
  • ер участкасидан ихтиёрий воз кечилганда;
  • ер участкаси берилган муддат тугаганда;
  • юридик шахс тугатилганда;
  • хизматда фойдаланиш учун чек ер бериб қўйишга асос бўлган меҳнатга оид муносабатлар бекор бўлганда, агар қонун ҳужжатларида бошқача ҳол назарда тутилган бўлмаса;
  • ер участкасидан белгиланганидан бошқа мақсадларда фойдаланилганида;
  • ер участкасидан оқилона фойдаланилмаганда, бу қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар учун ҳосилдорлик даражаси уч йил мобайнида нормативдан (кадастр баҳосига кўра) паст бўлишида ифодаланганда;
  • ер участкасидан тупроқ унумдорлиги пасайишига, унинг кимёвий ва радиоактив моддалар билан ифлосланишига, экологик вазиятнинг ёмонлашувига олиб келадиган усуллар билан фойдаланилган тақдирда;
  • қонун ҳужжатларида белгиланган муддатларда ер солиғи, шунингдек ижарага олиш шартномасида белгиланган муддатларда ижара ҳақи мунтазам тўланмай келинганда;
  • қишлоқ хўжалиги эҳтиёжлари учун берилган ер участкасидан 1 йил мобайнида ва қишлоқ хўжалиги соҳасига тааллуқли бўлмаган эҳтиёжлар учун берилган ер участкасидан 2 йил мобайнида фойдаланилмаганида;
  • мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқини берувчи ордер кимошди савдоси асосида сотиб олинганидан кейин ер участкасидан икки йил мобайнида фойдаланилмаганида, ер участкасига мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқи гаровда бўлган тақдирда эса — гаров шартномаси муддати мобайнида фойдаланилмаганида. Фойдаланилмаётган ер участкалари уларнинг аввалги эгалари тўлаган қиймат ушбу эгаларга компенсация қилинган ҳолда олиб қўйилади;
  • фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари туман кенгашлари раёсатининг қарорига мувофиқ фермер ёки деҳқон хўжалигининг Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашига аъзолиги тугатилганда;
  • ер участкаси Ер кодексда назарда тутилган тартибда олиб қўйилганда.

Қонун ҳужжатларида ер участкаларига эгалик қилиш ҳуқуқи, ер участкаларидан доимий фойдаланиш ҳуқуқи ва ер участкаларини ижарага олиш ҳуқуқини бекор қилишнинг бошқа ҳоллари ҳам назарда тутилиши мумкин.

Ер участкаларига бўлган мулк ҳуқуқи белгиланган тартибда қуйидаги ҳолларда бекор қилинади

савдо ва хизмат кўрсатиш соҳаси объектлари, шунингдек уй-жой бинолари ва бошқа бинолар ёки биноларнинг бир қисми шу бинолар жойлашган ер участкалари билан бирга сотилганда;

давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун савдо ва хизмат кўрсатиш соҳаси объектлари, шунингдек уй-жой бинолари ва бошқа бинолар ёки биноларнинг бир қисми улар жойлашган ер участкалари билан биргаликда қайта сотиб олинганда;

қонунда белгиланган ҳолларда савдо ва хизмат кўрсатиш соҳаси объектлари, шунингдек уй-жой бинолари ва бошқа иморатлар ёки иморатларнинг бир қисми улар жойлашган ер участкалари билан бирга мусодара этилганда;

ижро ҳужжатлари бўйича ундирув ер участкасига қаратилганда.

Ер участкасининг эгалик қилувчиси, фойдаланувчиси, ижарачиси ҳамда мулкдори ер участкасига бўлган ҳуқуқлардан воз кечишидан яққол далолат берувчи хатти-ҳаракатлар (чет элга жўнаб кетганлик, ер участкасидан белгиланганидан кўпроқ муддат давомида фойдаланмаслик) содир этган тақдирда, бу ер участкаси қонун ҳужжатлари билан белгиланган тартибда эгасиз мол-мулк тариқасида ҳисобга олинади.

Ер участкасига бўлган ҳуқуқлардан воз кечиш мазкур ер участкасининг эгалик қилувчиси, фойдаланувчиси, ижарачиси ҳамда мулкдори мажбуриятларининг, ер участкаси бошқа шахсга берилгунга қадар, бироқ воз кечилган пайтдан ёки эгасиз мол-мулк тариқасида давлат рўйхатига олинган кундан эътиборан узоғи билан бир йил мобайнида, бекор қилинишига сабаб бўлмайди.

Ер участкасини давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш, қайта сотиб олиш

Ер участкаси ёки унинг бир қисми давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун ер эгасининг розилиги билан ёки ердан фойдаланувчи ва ижарачи билан келишилган ҳолда тегишинча туман, шаҳар, вилоят ҳокимининг қарорига ёхуд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорига биноан олиб қўйилади.

Ер эгаси, ердан фойдаланувчи ва ижарачи ер участкасини олиб қўйиш ҳақидаги тегишлича туман, шаҳар, вилоят ҳокимининг қарорига ёки Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорига рози бўлмаган тақдирда, бу қарорлар устидан судга шикоят қилиши мумкин.

Корхоналар, бинолар ва иншоотлар қуриш учун ер участкаларини олиб қўйишдан манфаатдор бўлган корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар лойиҳалаш бошлангунга қадар ҳудудни комплекс ривожлантиришни таъминлашни инобатга олган ҳолда объект қуриладиган жойни, участканинг тахминий ўлчами ва уни ажратиш шартларини ер эгалари, ердан фойдаланувчилар ва ижарачилар, шунингдек тегишлича туман, шаҳар, вилоят ҳокими ёки Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси билан олдиндан келишиб олишлари шарт. Бундай тарзда, олдиндан келишиб олинмагунга қадар лойиҳа ишларини молиялашга йўл қўйилмайди.

Ер участкасини давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш ҳамда объект қуриладиган жойни олдиндан келишиб олиш, шунингдек ер ажратиб беришни расмийлаштириш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.


Ҳаётий мисол: ер участкасини олиб қўйиш

Савол: М. исмли шахс ўзига тегишли ер участкаси инвестициявий лойиҳани  амалга ошириш доирасида олиб қўйилиши режалаштирилганини маълум қилиб, ўзига нисбатан қандай турдаги компенсациялар назарда тутилгани ҳақида ҳуқуқий тушунтириш беришни сўради.

Жавоб: Қуйидагилар компенсация қилиб берилади:

  • олиб қўйилган ер участкасида жойлашган кўчмас мулк объектларининг бозор қиймати;
  • олиб қўйилган ер участкасига бўлган ҳуқуқнинг бозор қиймати;
  • кўчириш, шу жумладан, бошқа кўчмас мулк объектини вақтинчалик олиш билан боғлиқ харажатлар;
  • жисмоний ва юридик шахсларнинг бой берилган фойдаси;
  • қонун ҳужжатларида ёки Келишувда назарда тутилган бошқа харажатлар ва зарарлар.

Ўзбошимчалик билан қурилган уй-жой, ишлаб чиқариш ва бошқа бинолар ва иншоотларнинг қиймати ҳам қопланиши лозим.

Компенсация тури, миқдори ва бериш муддати бўйича келишув мажбурий тарзда нотариал тасдиқланади.