1-синфга қабул қилинган ўқувчиларига қуйидаги ўқув қуроллари тўплами текин берилади:
  • портфель;
  • 12 та дафтар;
  • пластилин;
  • оддий ва рангли қаламлар;
  • қаламдон;
  • ручкалар;
  • ўчирғичлар;
  • елим;
  • рангли қоғозлар тўплами;
  • расм чизиладиган альбом;
  • бўёқлар.

Қишки кийим билан таъминлаш

Кам таъминланган оилалардан бўлган ўқувчилар бепул қишки кийим бош тўплами билан таъминланиши шарт.

Қишки кийим-бош тўпламига қуйидагилар киради:

  • пальто ёки куртка;
  • этик;
  • телпак;
  • қўлқоп.

Кам таъминланган оилалардан бўлган ўқувчиларни аниқлаш мактаб раҳбарлари ва ота-оналар қўмитаси томонидан амалга оширилади.

Ўқувчиларга кийим-бош ва пойабзаллар бериш сентябрь ойида амалга оширилиши керак.

Ота-оналар қўмитаси ва мактаб педагогика кенгаши мажлиси баённомасидан кўчирма кийим-бош бериш ҳуқуқига асос ҳисобланади, унга мувофиқ сон ва сўм ифодасида буюмлар рўйхати кўрсатилган ҳолда ўқувчиларнинг фамилиялари келтирилган ведомость тузилади.

Болаларнинг фамилиялари қаршисига ота-оналар ёки яқин қариндошлар имзо чекадилар.

Дарсликлар билан таъминлаш

Қуйидагилар дарсликлар билан бепул таъминланади:

  • 1-синф ўқувчилари;
  • махсус мактаб ва мактаб-интернатларининг тарбияланувчилари;
  • ижтимоий ёрдамга мухтож бўлган оилалардаги ўқувчилар.

Келгуси ўқув йили учун дарсликлар тўплами билан бепул таъминланадиган ижтимоий ёрдамга муҳтож оилалардаги ўқувчиларнинг рўйхати ҳар йили 1 сентябргача фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари илтимосномасига ва ота-оналар қўмитасининг хулосасига асосан шакллантирилади.

Бепул фойдаланиш учун берилган дарсликлар ўқув йили якунида тўлиқ ҳажмда мактабга қайтарилади, биринчи синф ўқувчиларига берилган иш дафтарлари бундан мустасно.

Ўқувчини бошқа мактабга ўтказиш тўғрисида буйруқ чиқарилган тақдирда, унга бепул фойдаланиш учун берилган дарсликлар 3 кун ичида мактабга қайтарилиши лозим.

Бунда мактаб маъмурияти томонидан ўқувчи жорий ўқув йилида дарсликлар тўплами билан бепул таъминланиши лозимлиги тўғрисида маълумотнома берилади.

Ўқувчи уни қабул қилган мактаб томонидан мазкур маълумотнома асосида дарсликлар тўплами билан бепул таъминланади.

Дарсликларни ижарага олиш

Дарсликлар тўплами умумтаълим мактабларининг кутубхона жамғармаларидан ихтиёрийлик асосида ижарага берилади. 

Ота-оналар ўз ҳоҳишига кўра тегишли ўқув йилидаги дарсликлар тўпламларини дўконлардан сотиб олиши ҳам мумкин.

Ўқувчиларни чет тиллари бўйича дарсликлар билан таъминлаш бепул амалга оширилади.

Ижара тизимидаги дарсликлар тўплами ўқувчиларга мактаб ва ўқувчининг ота-онаси ўртасида тузиладиган шартнома асосида берилади.

Дарсликларни ижарага олинганда тўлиқ тўпламда ижарага олинади, тўлиқсиз тўпламда (фақат айрим дарсликларни) ижарага беришга йўл қўйилмайди.

Дарсликлар тўплами учун ижара тўлови миқдори республика бўйича ягона бўлиб, у 25 августгача Халқ таълими вазирлиги томонидан барча мактабларига етказилади, шунингдек оммавий ахборот воситалари орқали эълон қилинади.

Дарсликлар ижараси пулини тўлаш

Дарсликлар тўплами учун ижара тўлови шартномага асосан 30 сентябргача тўлиқ ҳажмда тўланади.

Ўқувчиларнинг ота-оналари пул маблағлари вақтинчалик йўқлиги сабабли, ижара тўлови муддатини узайтириш тўғрисида мактабга мурожаат қилиши мумкин.

Бунда ижара тўлови муддати директор буйруғи билан узайтирилиши керак.

Ижара тўлови муддати узайтирилган тақдирда, мазкур тўловнинг 50 фоизи 30 сентябргача, қолган қисми эса 30 ноябргача тўланиши лозим.

Дарсликлар тўплами учун ижара тўловлари умумтаълим мактабининг шахсий ғазна ҳисобварағига нақд пул ёки нақд пулсиз шаклда тўланади.

Дарсликлар ижара асосида фойдаланадиган ўқувчиларга ижара тўлови тўлангандан, ижара тўловини тўлаш муддати узайтирилган ҳолларда, унинг ярми тўлангандан кейин тақдим этилади.

Бунда ижара тўлови тўланганлигини тасдиқловчи тўлов ҳужжати нусхасининг мактаб кутубхоначисига тақдим этилиши дарсликлар тўпламини бериш учун асос бўлади.

Дарсликлардан бепул фойдаланадиган ўқувчиларга 10 сентябргача дарсликлар берилади.

Ижарага олинган дарсликларни қайтариш

Ўқувчини бошқа мактабга ўтказиш тўғрисида буйруқ чиқарилган тақдирда, унга ижара асосида фойдаланиш учун берилган дарсликлар 3 кун ичида мактабга тўлиқ тўпламда қайтарилиши лозим.

Бунда тўланган ижара тўлови қайтарилмайди ва ўқувчига мактаби томонидан дарсликлар тўпламидан фойдаланиш учун ижара тўлови тўланганлиги тўғрисида маълумотнома ва тегишли тўлов ҳужжатининг нусхаси берилади.

Ўқувчи уни қабул қилган мактаб томонидан мазкур маълумотнома ва тўлов ҳужжатининг нусхаси асосида дарсликлар тўплами билан бепул таъминланади.

Маълумотнома йўқолган тақдирда, унинг дубликати берилади.

Дарсликлар ижарага ёки бепул фойдаланилаётганидан қатъи назар, улар йўқолган ёки фойдаланишга яроқсиз ҳолатга келиб қолган тақдирда, ўқувчининг ота-онаси зарарни қуйидаги миқдорларда тўлайди:

  • биринчи синф ўқувчиларининг ҳар бир дарслиги учун — унинг бир баравари миқдорида;
  • 2 — 4 синф ўқувчиларининг ҳар бир дарслиги учун — унинг икки баравари миқдорида;
  • 5 — 9 синф ўқувчиларининг ҳар бир дарслиги учун — унинг тўрт баравари миқдорида.