Йўловчи қонун ҳужжатлари ҳамда ташувчилар томонидан белгиланган қоидаларда назарда тутилган тартибда:
- ҳаво транспортидан имтиёзли шартларда фойдаланиш;
- белгиланган миқдор доирасида ўзи билан бепул багаж олиб юриш;
- белгиланган миқдор доирасида бепул, миқдордан ортиқчаси учун эса – белгиланган тариф бўйича ҳақ тўлаб, ташиш учун багаж топшириш ҳуқуқига эга.
Йўловчиларнинг мажбуриятлари
- учиб кетиш, транзит ва манзил давлатининг қонун ҳужжатлари талаб қиладиган барча амалдаги ташиш ҳужжатлари, визалар, тиббий ва бошқа ҳужжатларга эга бўлиш (акс ҳолда ташишга рад этилиши мумкин);
- багажни текшириш пайтида иштирок этиш;
- назоратчиларнинг авиация хавфсизлиги учун ўтказиладиган ҳар қандай назорат талабларини бажариш.
Йўловчиларнинг ҳаво транспорти бортидаги ҳуқуқлари
- ҳаво кемаси экипажи аъзоларидан ташиш шартномаси шартларида белгиланган хизматларнинг кўрсатилишини талаб қилиш;
- йўловчи жамоат тартибини бузаётган, ўзини ёки бошқа шахсларни заруриятсиз безовта қилаётган ҳамда шаъни ва қадр-қимматига путур етказаётган, мол-мулкига, соғлиғига ёхуд ҳаётига таҳдид туғдираётган йўловчига таъсир кўрсатиш талаби билан ҳаво кемаси экипажи аъзоларига мурожаат қилиш;
- худди шундай ҳаракатлар қилаётган ҳаво кемаси экипажи аъзолари устидан шикоят қилиш.
Қонун ҳужжатларига мувофиқ йўловчи бошқа ҳуқуқларга ҳам эгадир.
Йўловчиларнинг ҳаво транспорти бортидаги мажбуриятлари
- йўловчининг ҳаво кемаси ичидаги юриш-туриш Қоидалари (рўйхат рақами 2416, 2013 йил 29 январь) талабларини бажариш;
- ҳк командирининг ёки экипаж аъзосининг ҳаво кемаси командири номидан берган парвоз ва ҲК ичидаги одамлар хавфсизлигини, мол-мулк бут сақланишини, ташиш шартномасини ижро этиш билан боғлиқ хизматлар кўрсатиш тартиби ва имкониятини таъминлашга доир фармойишларини бажариш;
- ҳк саҳнида учиш талонига, шунингдек зарур бўлган ҳолларда парвоз хавфсизлигини таъминлаш мақсадида ҲК экипажи аъзоларининг кўрсатмасига мувофиқ жойлашишга;
- юкларини махсус ажратилган жойларга жойлаштиришга;
- «Камарларни тақиш» таблоси ёқилиши билан хавфсизлик камарини тақишга ва у ўчмагунча ечмасликка.
Ҳаво транспорти бортида йўловчига қўйилган тақиқлар
- гиёҳванд моддаларни, тамаки маҳсулотларини (носвой ва бошқаларни ҳам) истеъмол қилиши, шунингдек электрон сигаретлардан фойдаланиши;
- ташувчи томонидан истеъмол қилиш учун таклиф қилинган белгиланган меъёрдан ташқари, шунингдек бож олинмайдиган савдо дўконларидан сотиб олинган алкоголь маҳсулотларини истеъмол қилиши;
- учувчилар кабинасига кириши;
- ҲК экипажи аъзоларининг хизмат вазифаларини бажаришларида уларга тўсқинлик қилиши ёки уларнинг ишларига аралашиши;
- ҲКнинг юриш, кўтарилиш ва қўниш вақтида электрон ва алоқа воситаларидан фойдаланиши, жумладан ҲК бортида туриб фотосуратга ва видео тасвирга олиши;
- ҲКнинг мол-мулкини (пледлар, ёстиқлар, идиш-товоқлар, ошхона жиҳозлари, электрон воситалар, қутқариш нимчалари ва бошқаларни) олиб кетиши ва шикастлаши;
- жамоат тартибини бузиши ва заруратсиз атрофдагиларни безовта қилиши;
- ҲК экипажи аъзоларининг тегишли кўрсатмаларисиз авария-қутқарув жиҳозларини ишлатиши;
- ҲК экипажи аъзоларининг рухсати ёки кўрсатмаларисиз бошқа жойларга ўтириши.
Жавобгарлик турлари
- Аэродром ҳудудида аэродромларни таниб олиш учун қабул қилинган маркировка белгиларига ва қурилмаларга ўхшаш бирор-бир белги ва қурилма ўрнатилса ёки аэродром ҳудудида парвозлар хавфсизлигига таҳдид солиши мумкин бўлган фаолиятни белгиланган тартибда келишилмаган ҳолда амалга оширилса:
- фуқароларга – 810 000,00 сўмдан 1 350 000,00 сўмгача;
- мансабдор шахсларга – 1 350 000,00 сўмдан 2 700 000,00 сўмгача жарима солинади.
- Аэродром ускуналари, аэродром белгилари, ҳаво кемалари ва уларнинг ускуналари шикастлантирилса 810 000,00 сўмдан 1 350 000,00 сўмгача жарима солинади.
- Тегишли рухсати бўлмай туриб аэропортлар (аэровокзаллардан ташқари), аэродромлар, учишни радио ва ёруғлик билан таъминлаб турувчи объектлар ҳудудида пиёда ёки транспортда юрилса 270 000,00 сўмдан 810 000,00 сўмгача жарима солинади.
- Бахтсиз авиация ҳодиса, у ҳақидаги маълумотлар қасддан яширилса, улар тўғрисидаги ахборот қасддан бузиб кўрсатилса, бортдаги ва ердаги объектив назорат воситаларининг маълумотларига ҳамда бахтсиз авиация ҳодисаси билан боғлиқ бошқа далилий материалларга қасддан шикаст етказилса ёки улар қасддан йўқ қилинса 13 500 000,00 сўмдан 2 700 000,00 сўмгача жарима солинади.
- Ҳаво кемасидан фойдаланиш вақтида унга лазер нурини йўналтирилса (лазер туширилса) ашёлар мусодара қилиниб, 27 000 000,00 сўмдан 54 000 000,00 сўмгача жарима солинади ёки 15 суткагача маъмурий қамоққа олинади.
- Авиация хавфсизлиги бўйича текширувдан ўтмаган шахсларни, қўл юкини ёки багажни, юкни, почтани, борт захираларини ёхуд ҳаво кемаларида ташиш тақиқланган моддаларни ёки предметларни ҳаво кемаси бортига етказиб берилса ёки етказиб беришга кўмаклашилса:
- фуқароларга – 1 350 000,00 сўмдан 2 700 000,00 сўмгача;
- мансабдор шахсларга – 2 700 000,00 сўмдан 5 400 000,00 сўмгача жарима солинади.
- Ҳаво кемасида бўлган шахсларнинг ҳаво кемаси командирининг ёки ҳаво кемаси командири номидан экипаж аъзосининг фармойишларини бажармаса 1 350 000,00 сўмдан 2 700 000,00 сўмгача жарима солинади.
- Ҳаво кемаси бортида туриб фотосуратга, кинога, видеога олиш, шунингдек радиоалоқа воситаларидан фойдаланиш қоидалари бузилса фото-киноплёнка ёки видеокассеталар мусодара қилинади, 810 000,00 сўмдан 1 350 000,00 сўмгача жарима солинади.
- Ҳаво кемаларининг ойналари ва ички жиҳозларига шикаст етказилса 2 700 000,00 сўмдан 4 050 000,00 сўмгача жарима солинади.
- Ҳаво кемаларида тамаки маҳсулоти истеъмол қилинса 540 000,00 сўм жарима солинади.
- Ҳаво кемалари юкхоналарининг пломбаларига ва бекиткич қурилмаларига шикаст етказилса, уларнинг пломбаларини бузилса, айрим юк ўринларига ва юк ўрамаларига, пакетларига, юк қўраларининг ва юк ташиш билан боғлиқ бўлган операцияларни бажариш учун фойдаланиладиган омборларнинг тўсиқларига шикаст етказилса, рухсати бўлмай туриб юк қўраларига, контейнер пунктларига (майдончаларига), шлюзларнинг юк турган ҳудудларига (жойларига) ва юқорида зикр этилган омборларга кирилса 135 000,00 сўмдан 540 000,00 сўмгача жарима солинади.