Далолатнома ёзувларига ўзгартиришлар, тузатишлар ва қўшимчалар киритиш етарли асослар мавжуд бўлганда ва манфаатдор шахслар ўртасида низо бўлмаганда, ушбу ёзувлар сақланаётган жойдаги, агар улар Ўзбекистон Республикаси ҳудудида тузилган бўлса, ФҲДЁ органи томонидан амалга оширилади.

16 ёшга тўлган шахсларнинг туғилганлик, никоҳ тузилганлиги, никоҳдан ажралганлик ҳақидаги далолатнома ёзувларига ўзгартиришлар киритиш уларнинг аризасига кўра амалга оширилади.

Далолатнома ёзувларига ўзгартиришлар, тузатишлар ва қўшимчалар:
  • «Давлат тили ҳақида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 15-моддаси асосида тарихий ва миллий анъаналарга риоя қилиш мақсадида фамилияси, исми, отасининг исмини ёздириш истаги бўлганда;
  • оталик белгиланганда;
  • фарзандликка олинганда;
  • ота-онанинг ўзаро келишувига кўра (шунингдек ота-она никоҳдан ажратилганда) ёки ҳоким қарорига кўра вояга етмаган боланинг фамилияси ўзгартирилганда;
  • миллати ўзгартирилганда;
  • никоҳда турмаган она томонидан боланинг отаси ҳақидаги маълумотларни ўзгартириш ҳақида ариза берилганда (бола 16 ёшга етгунга қадар);
  • суд қарори билан оталикни белгилаш ҳақиқий эмас деб топилганда ёки фарзандликка олиш бекор қилинганда;
  • ота-онасининг фамилияси, исми ва отасининг исми ўзгартирилиши муносабати билан вояга етмаган боланинг фамилияси ва отасининг исми ўзгартирилганда;
  • имловий хато ва ноаниқликлар бўлганда, шунингдек туғилган вақти, жойи ва отасининг исми ёзилмай қолганда;
  • 16 ёшга тўлмаган боланинг исми ва фамилияси ўзгартирилганда, агар исми ва фамилияси ота-онасининг хоҳиши ҳисобга олинмаган ҳолда берилган бўлса;
  • агар далолатнома ёзувида исми қисқартириб ёки эркалатиш шаклида ёзилган бўлса;
  • жинси ўзгартирилганда.

Тақдим этиладиган ҳужжатлар:
  • Ўзгартиришлар киритиш тўғрисидаги ариза ёки суднинг қонуний кучга кирган ҳал қилув қарори;
  • Ариза берувчининг илтимоси асосли эканлигини тасдиқловчи ҳужжатлар нусхалари (паспортнинг нусхаси (ксеронусхаси) ҳамда гербли гувоҳнома (лар);
  • Далолатнома ёзувлари нусхалари;
  • Ўзгартирилиши лозим бўлган гувоҳномаларнинг асл нусхаси.