Болаларга чегирма ва имтиёзлар
10 ёшгача (жўнаш вақтига ёши тўлгани ҳам) бўлган болаларга поездда юришлари учун болалар чипталари берилади ва қуйидаги имтиёзлар берилади:
- Йўловчи ўзи билан бирга йўловчи ташиш поездида йўл ҳақи тўламасдан 5 ёшгача (жўнаш вақтига ёши тўлгани ҳам) битта болани алоҳида жой берилмасдан олиб юриш ҳуқуқига эга. 5 ёшгача болага чипта расмийлаштириш йўл ҳақи тўламасдан ота-оналар бирининг чиптасига асосан амалга оширилади.
- 5 ёшгача (жўнаш вақтига ёши тўлгани ҳам) иккинчи болани йўл ҳақи тўламасдан юришига, алоҳида жой тақдим қилинмасдан, поездда юриш иккала ота-она томонидан амалга оширилаётганда йўл қўйилади. Бундай ҳолатда болага йўл ҳақи тўланмайдиган чипта ҳар бир ота-она чиптасига биттадан расмийлаштирилади.
- Йўловчи билан биттадан ортиқ 5 ёшгача (жўнаш вақтига ёши тўлгани ҳам) болалар кетаётган бўлса, улардан бири йўл ҳақи тўланмасдан, қолганлари – тариф қийматидан эллик фоиз чегирма билан алоҳида жой тақдим қилиниб ташилади.
- 5 ёшдан 10 ёшгача (жўнаш вақтига ёши тўлгани ҳам) болаларга ҳам тариф қийматидан эллик фоиз чегирма билан алоҳида жой берилади.
- 10 ёшдан ошган болалар учун чипталар катталар сифатида сотиб олинади.
16 ёшгача болаларнинг ота-оналари ҳамроҳлигисиз йўловчи ташиш поездларида юришларига йўл қўйилмайди, мактаб, лицей, коллежга бориш учун темир йўл транспортидан фойдаланувчи ўқувчилар бундан мустасно.
Ўтириш жойларига эга умумий вагонда, болалар чиптасига эга бўлган ҳар бир болага катта ёшдаги йўловчилар каби жой тақдим қилиниши керак.
- Бепул ёки болалар чиптаси билан ташилаётган болалар ёшига нисбатан шубҳалар туғилганда, назорат қилувчи шахс йўловчидан бола ёшини тасдиқловчи тегишли ҳужжатларни (туғилганлик тўғрисидаги гувоҳнома, ота-оналари паспортидаги ёзув ва ҳоказолар) тақдим қилинишини талаб қилиши мумкин.
Агар чипталарни биринчи марта текшириш вақтида назорат қилувчи шахсда бундай шубҳалар туғилмаган бўлса, кейинги текширишларда назорат қилувчи шахслар ва йўловчилар орасидаги болалар ёши борасида баҳсларга йўл қўйилмайди.
Темирйўлларда бепул юриш ҳуқуқига эга бўлган шахслар
- Совет Иттифоқи Қаҳрамонлари ва Шон-шуҳрат орденининг учинчи даражаси билан тақдирланган шахсларга;
- ярадор бўлган ҳарбий хизматчилар, ишчилар ва хизматчилардан 1 ва 2-гуруҳ уруш ногиронлари ва уларга тенглаштирилган шахсларга;
- Чернобиль АЭС даги аварияни бартараф этувчилари-ногиронларига (Ўзбекистон Республикаси ҳудудида).
Имтиёзли чипта олиш учун чипта кассасига чегирма олиш ҳуқуқини берувчи қуйидаги тегишли ҳужжатлар тақдим қилиниши керак: «Уруш ногирони гувоҳномаси», «Уруш қатнашчиси гувоҳномаси» ёки «Имтиёз ҳуқуқи тўғрисида гувоҳнома».
Купон ва гувоҳнома тақдим этиш эвазига йилда бир марта поезд чиптасининг умумий қийматидан 50 фоизлик чегирма ҳуқуқи III гуруҳ ногиронларига, уруш қатнашчилари ва уларга тенглаштирилган шахсларга берилади
Ўқувчилар ва талабалар учун чегирмалар
- Кундузги бўлим талабалари ва ўқувчиларига (доимий истиқомат жойларига бориб келиш учун) 28 декабрдан 10 январгача 50% чегирма ўрнатилган. Чегирма ички қатновлар ва эконом класс тарифлар (Y) учун татбиқ этилади.
10 ва ундан ортиқ одамлар сонидан иборат ташкил қилинган гуруҳлар чипталарининг умумий қийматидан жамоавий чипта бўйича чегирмалар тақдим қилинади:
ҳаракат йўналишининг умумий масофаси 2000 км гача бўлганда (бошқа поездга ўтишни ҳисобга олиб)
- гуруҳдагилар сони 10 нафардан 24 нафаргача бўлганда чипталарнинг умумий тўлиқ қийматидан 10%
- гуруҳдагилар сони 25 нафар ва ундан ортиқ бўлганда чипталарнинг умумий тўлиқ қийматидан 15%
ҳаракат йўналишининг умумий масофаси 2000 км дан ортиқ бўлганда (бошқа поездга ўтишни ҳисобга олиб)
- гуруҳдагилар сони 10 нафардан 24 нафаргача бўлганда чипталарнинг умумий тўлиқ қийматидан 20%
- гуруҳдагилар сони 25 нафар ва ундан ортиқ бўлганда чипталарнинг умумий тўлиқ қийматидан 30%