Бола уч ёшга тўлгунига қадар олинган болани парваришлаш таътили пенсия тайинлашда стажга қўшилиши мумкин. Бир нечта бола бўйича бундай даврлар жамланганда кўпи билан олти йил ҳисобга олинади.
Масалан, икки фарзанд учун уч йилдан болани парваришлаш таътили олинган бўлса, белгиланган шартлар бажарилганда олти йилгача бўлган давр стажга киритилади. Таътилларнинг умумий давомийлиги олти йилдан кўп бўлса, ортиқча қисми ушбу қоида асосида ҳисобга қўшилмайди.
Яна бир муҳим шарт бор: болани парваришлаш таътили каби даврлар стажга киритилиши учун шахсда қонунда белгиланган меҳнат фаолияти турлари бўйича камида етти йил иш стажи бўлиши лозим. Фақат таътилда бўлганликнинг ўзи ушбу етти йиллик талабнинг ўрнини босмайди.
Таътил даврини тасдиқлашда уни бериш ва ундан қайтиш ҳақидаги маълумотлар ёки иш берувчининг буйруқлари аҳамиятга эга. Буйруқлар сақланмаган ёки улардаги ёзувлар ноаниқ бўлса, низомда бошқа тасдиқловчи маълумотлардан фойдаланиш имконияти ҳам назарда тутилган.
Эслатма: бола парвариши таътилининг умумий пенсия стажига қўшилиши унинг 54 ёшда пенсияга чиқиш учун талаб қилинадиган махсус 20 йиллик стажга киришини англатмайди. lex.uz
Ҳуқуқий асос: «Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги Қонуннинг 37-моддаси; 592-сон қарор билан тасдиқланган низом.