Қаерга мурожаат қилинади?

Ёрдамчи репродуктив технологиялар ҳомиладорликка эришишга қаратилган махсус даволаш усуллари ва муолажаларини қамраб олади. Улардан бири — экстракорпорал уруғлантириш (ЭКУ).

Бундай хизматлар репродуктология йўналишида фаолият юритувчи тиббиёт ташкилотларида кўрсатилади. Дастлаб аёл ва эркак текширувдан ўтказилиб, бепуштлик сабаблари ҳамда тегишли даволаш усули аниқланади.

Қачон ёрдамчи технологияларга йўлланади?

Низомда бепуштлик сабаби аниқланган беморларда консерватив ва жарроҳлик даволашдан кейин 9–12 ой давомида ҳомиладорлик кузатилмаса, ёрдамчи репродуктив технологиялар билан даволашга йўналтириш назарда тутилган.

35 ёш ва ундан катта аёллар, бепуштлик сабаби аниқланган бўлса, шифокорлар консилиуми қарори билан мазкур даволаш босқичлари ва 9–12 ойлик муддатни кутмасдан йўналтирилиши мумкин.

Розилик беришдан олдин

Муолажалар эркак ва аёлнинг белгиланган шаклдаги ихтиёрий розилик аризаси асосида амалга оширилади. Шифокор тавсия этилаётган усул, эҳтимолий асоратлар ва кутилган натижаларни тушунтириши керак.

Муҳим: ЭКУ ёки бошқа ёрдамчи технология ҳомиладорликни кафолатламайди. Розилик шаклида даволаш самарасиз бўлиши ёки бир неча уриниш талаб этилиши мумкинлиги ҳам кўрсатилган.

Қандай масалаларни олдиндан аниқлаш лозим?

Тиббиёт ташкилотидан:

  • қайси текширувлар зарурлигини;
  • танланган усул нима учун тавсия этилаётганини;
  • дори воситалари ва қўшимча муолажалар нархга кириш-кирмаслигини;
  • такрорий уриниш шартларини;
  • репродуктив ҳужайралар ёки эмбрионларни сақлаш шартларини сўранг.

Криоконсервация — репродуктив материални музлатиб сақлаш — бемор ва тиббиёт ташкилоти ўртасидаги шартнома асосида амалга оширилади. Даволаниш ва репродуктив саломатлик ҳақидаги маълумотлар қонунчиликда белгиланган махфийлик қоидалари билан ҳимоя қилинади.

Ҳуқуқий асослар: 3217-сон билан давлат рўйхатидан ўтказилган Низом, «Фуқароларнинг репродуктив саломатлигини сақлаш тўғрисида»ги Қонуннинг 14, 15 ва 19-моддалари.