Кимларга ёрдам кўрсатилади?
«Аёллар дафтари»нинг ҳуқуқий ёрдамга муҳтожлар тоифасига ҳуқуқлари бузилган, ажрим, алимент, яраштирув, суд ёки шунга ўхшаш масалаларда маслаҳат ва амалий ёрдамга муҳтож хотин-қизлар киритилади. «Аёллар дафтари»га 30 ёшдан ошган хотин-қизлар киритилиши мумкин.
Муаммосини билдириш учун хотин-қиз яшаб турган жойидаги «маҳалла еттилиги»га, жумладан хотин-қизлар фаолига мурожаат қилиши мумкин. Доимий ёки вақтинча рўйхатда турмасликнинг ўзи дафтарга киритишни рад этиш учун асос бўлмайди.
Қандай ҳуқуқий кўмак берилади?
Малакали ҳуқуқшунослар ва адвокатлик тузилмалари адвокатлари хотин-қизлар учун ажрим, алимент, суд ва бошқа ҳуқуқий масалалар бўйича жамоавий семинарлар ўтказади. Сайёр қабулларда прокуратура органлари судга мурожаат қилиш тартибини тушунтириш ва зарур ҳужжатларни расмийлаштиришга кўмаклашиши, адлия органлари эса ҳуқуқий маслаҳат бериши назарда тутилган.
Давлат божи қопланадими?
Ижтимоий реестрда турган, тегишли ёрдам шартларига мос хотин-қиз учун туғилганлик ҳақида гувоҳнома, ID-карта ёки биометрик паспорт олиш, шунингдек судга даъво аризаси киритиш билан боғлиқ давлат божи «Аёллар дафтари» жамғармаси ҳисобидан тўлиқ қопланиши мумкин. Ушбу ёрдам бир марта кўрсатилади; маблағ фуқарога нақд берилмай, тегишли тўлов реквизитларига ўтказилади.
Муҳим: ҳуқуқий семинарда қатнашиш ва давлат божини қоплаш — турли ёрдамлар. Давлат божи бўйича қарор қабул қилинишида аёлнинг Ижтимоий реестрда туриши ҳам текширилади.
Ҳуқуқий асос: Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 31 мартдаги 145-сон қарори.